Ko‘rgazmalar

Табиатнинг баҳорий манзаралари

Бугун, 4 март куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рассом Мусаввар Ўлмасованинг “Баҳор нафаси” номли шахсий кўргазмаси очилди. Тақдим этилган асарларда бетакрор табиатнинг лаҳза камолотини акс эттириш маҳорати намоён бўлган.

Мусаввира ўз шахсий кўргазмасида  табиатнинг бор гўзаллигини кўрсата туриб, томошабинни  нафисликнинг чуқур дунёсига олиб киради. Кўргазмада муаллифнинг 40 дан ортиқ асарлар намойиш этилмоқда.

Мусаввар Ўлмасова 1955 йил 28 июлда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

1971 йил П.Беньков номидаги Республика рассомлик коллежининг “Театр рассом-безакчиси” бўлимига ўқишга киради.

1975-1976 йилларда “Ўзбекфильм”нинг мультфильм бўлимида мультипликатор рассом сифатида фаолият юритган. 1976 йили Островский номидаги театр-рассомлик институтига киради. Иккинчи мутахассисликни у, 2006 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг “Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси” бўлимида олади. 1990-2000 йилларда мазкур таълим даргоҳида дарс беради. 2005 йилдан  Бадиий академия тасарруфидаги  Республика ихтисослаштирилган дизайн мактабида  устозлик фаолиятини олиб бормоқда.

Ижодий фаолияти давомида Мусаввар қатор кўргазма ва фестивалларда фаол иштирок этиб, дипломлар билан тақдирланган.

2015 йилда ҳам  Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида “Орзулар рўёби” мавзусида шахсий кўргазмаси бўлиб ўтган эди.

2017 йилда Ўзбекистон тасвирий санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

“Баҳор нафаси” кўргазмаси 15 мартга қадар давом этади.