Ko‘rgazmalar

Самарқанд шаҳрида “Шарқ дурдоналари”

Шу йил 25 сентябр куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи  томонидан  Самарқанд  шаҳридаги “Чорсу” тасвирий ва миллий санъат галереясида  миниатюра санъат асарларидан ташкил топган “Шарқ дурдоналари” номли кўчма кўргазма ташкил этилди.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги Самарқанд вилояти  ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқитувчилари, ўқувчи ёшлар ва рассомлар иштирок этишди.

Тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи  директори Г.Қаршиева сўзга чиқди. Нотиқ таъкидлаганидек, ушбу кўчма кўргазмадан кутилган мақсад мустақиллик йилларида миллий тасвирий ва амалий, миниатюра санъати соҳаларида эришилган ютуқлар ҳамда замонавий миниатюра йўналишларида ижодкорлар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништириш, ёшларда узоқ ўтмишга эга миллий санъатимиз анъаналари ҳақидаги билимларини бойитишдан иборатдир.

Мазкур кўчма кўргазмада ХIV-ХVI асрларга доир Шарқ миниатюра санъати дурдоналари ҳамда замонавий миниатюра намуналаридан иборат 40 дан ортиқ асарлар намойиш этилмоқда. Зеро, Шарқ миниатюра санъати ўта нафислиги, рангларининг уйғунлиги, рамзий маъноларга бойлиги билан жаҳонни ҳайратга солиб келмоқда. Миниатюра санъати Шарқ китобат санъатининг таркибида ривож топиб, ХV-ХVI асрларда ўзининг юксак чўққисига кўтарилди.

Кўргазма доирасида, шунингдек, Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими томонидан ташкил этилган “Ватан менинг нигоҳимда!” мавзуидаги кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ташриф чоғида  Самарқанд вилояти  ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати раҳбарияти таклифи  билан 5 – 6 октябрь кунлари мазкур кўчма кўргазмани мактабда ташкил этиш ва миниатюра санъати усталари томонидан маҳорат дарсларини ўтказиш масаласида келишиб олинди.