Yangiliklar

Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

25 февраль куни Ўзбекистон Бадиий академияси анжуманлар залида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюраси санъати музейи ҳамда Япониянинг Аичи санъат университети ўртасида  Ўзбек қоғози ва миниатюрасини ўрганиш бўйича илмий-ижодий ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  

Лойиҳанинг асосий мақсади юртимизда сақланаётган қадимий қоғозлар таркибини Япониянинг энг замонавий электрон микроскопларида  ва бошқа илмий технологик воситаларида таҳлил қилиш, таркибини, унинг хитой қоғозларидан фарқли хусусиятлари ҳамда тайёрланиш технологияларини ўрганиш ва ушбу қоғозларни эски технология асосида ишлаб чиқаришни таъминлашдан иборат.

Маълумки, тарихда Самарқанд қоғози силлиқ ва чидамлилиги билан донг таратган. Ипак қоғозда ёзилган ҳужжатларнинг аксарияти бугунги кунда дунёнинг турли музейларида сақлаб келинмоқда.

Ҳамкорлик меморандуми Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева ҳамда Япониянинг Аичи университети профессори, қадимий ўзбек қоғози тарихини ва чиқариш усулларини ўрганиш бўйича қўшма тадқиқот раҳбари  Коджи Шибадзаки  томонидан имзоланди.

Меморандум имзоланишига бағишланган тадбирда томонлар истиқболдаги вазифалар хусусида ҳам фикр алмашиб олди.

Профессор Коджи Шибадзаки  бошчилигидаги Япониянинг Аичи университети делегацияси  4 мартга қадар юртимизда бўлади.