Yangiliklar

Курсантлар кўргазмада

Ўзбек адабиётининг чин маънодаги пойдевори, минглаб байтлар муаллифи бўлмиш ҳазрати Алишер Навоий асарлари неча асрлардирки, Шарқу Ғарбда кенг ўрганилиб келинаётир. Ҳазрат Навоий қолдирган шоҳ байтлар ўзининг тарбиявий аҳамиятга эга эканлиги билан ажралиб туради. Инсонни маънавий жиҳатдан камолотга етакловчи байтлар замирида Навоий образи, комил инсон тимсоли гавдаланганлиги шубҳасиз. Жорий йилнинг 9 февраль санасида шоирнинг 578 йиллиги юртимизда кенг нишонланди.

Юртимизда маънавий-маърифий, маданий тадбирларнинг юксак савияда уюштирилаётгани шоир хотирасига билдирилган чексиз эҳтиром ифодасидир. Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, профессор Саъдулла Абдуллаевнинг “Мир Алишер Навоийга эҳтиром” номли шахсий кўргазмаси ҳам айнан шоирнинг таваллуд куни муносабати билан ташкил этилган. Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг бир гуруҳ курсантлари 10 февраль – дам олиш кунидан унумли фойдаланиб, мазкур музейда ташкил этилган кўргазмага ташриф буюрдилар.

Навоий шахси ва унинг ижодига бағишлаб қатор туркум асарлар яратган рассом ўз кўргазмасида санъат ихлосмандлари диққатига 20 дан ортиқ асарларни тақдим этди. Шарқ лирикаси бўёқларга жо бўлган кўргазма давомида бўлғуси офицерлар рассом билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Саъдулла Абдуллаев билан мазмунли ўтган суҳбат давомида рассом болалик чоғларида ҳарбий бўлишни орзу қилгани, аммо тақдир тақозоси уни санъат оламига етаклаб, фаолиятини Шарқ мумтоз адабиёти билан чамбарчас боғлаганлигини айтиб ўтди.

Йиллар давомида “Навоий ва Ҳусайн Бойқаро Ҳиротда”, “Ҳирот оқшомлари” триптихи, “Ўзбек Ренессанси” триптихи,  “Амир Темурнинг бунёдкорлик ишлари”, “Самарқанд билан хайрлашув”, “Осмонинг беҳубор бўлсин Туркистон”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган “Фарғона ҳаёли”, “Зебунисо” каби туркум асарлар яратди. Шу билан бир қаторда “Ҳирот тонги”, “Келгил эй ёр”, “Ғазал мулкининг султони”, “Дил аҳли. Абдураҳмон Жомий Самарқандликлар даврасида” каби полотнолар ҳам ижодкорнинг репертуаридан ўрин олди. Учрашувнинг қизиқарли ва таассуротларга бой ўтишини таъминлаган Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабзал Қаршиева рассом ижоди хусусида тўхталиб ўтар экан, шудай деди:

— Бугунги учрашув курсантлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга саналади. Чунки Саъдулла Абдуллаев ижоди чин маънода миллий руҳда яратилган, маърифатга ошно. Мусаввир ижоди билан танишар экансиз, бунда сиз ижодкорнинг тасвириётида турли йўналишларга дуч келасиз. Шундай бўлсада, асарларида миллий маданият ва бадииятимизнинг юксак ривожланишига ҳисса қўшган шахслар ва буюк ижодкорларнинг шахси ҳамда асарлари қаҳрамонларига дуч келаверасиз.

Ҳа, чиндан ҳам рассом билан ўтган ижодий учрашувда курсантлар Навоий ҳазратларининг ноёб мероси ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар. Айниқса, шоирнинг ғазалларига басталанган дилтортар қўшиқлар учрашувнинг бадииятини янада оширди.

— Навоий ғазалларини ёд билишдан, уни англамоқликнинг жуда катта фарқи бор экан, — дейди курсант Ойбек Муҳиддинов. Навоий ижоди билан ўқув дарсларида танишганмиз. Аммо бугун шуни англадимки, унинг серқирра ижодини англамоқлик ва ундаги сўзларга амал қилмоқлик биз ҳарбийлар учун ҳам жуда муҳим. Чунки ҳақиқий инсоний фазилатлар, ватанпарварлик туйғуси ҳазрат Навоий ижодида тўлақонли ёритилиб, биз ҳарбийлар учун ибрат бўладиган жиҳатлари кўп. Келгусида албатта, хизматим фаолиятида Навоий асарларини чуқур ўрганиш ниятидаман. Рассом билан учрашув эса бизнинг ҳарбий ҳаётимизда янги саҳифани очди ва унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳамкорлигида ташкил этилган учрашув сўнггида курсантлар билан академик мусаввир Саъдулла Абдуллаев иштирокида Шарқ миниатюра музейига экскурсия уюштирилди.

Шоҳиста Ортиқова,

                        Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти

                                                       музейи мудири,Қуролли Кучлар хизматчиси