Ko‘rgazmalar

Миниатюра устасининг шахсий кўргазмаси

4 февраль куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида  Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, миниатюра устаси Даврон Тошевнинг “Кўнгил гулузори…” номли шахсий юбилей кўргазмаси очилди. Мазкур кўргазма  бобокалонларимиз – Ҳазрат Алишер Навоийнинг  579 йиллик ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг  537 йиллик таваллуд айёмига бағишланди.

Аждодларнинг хотираси ўтмиш ва келажакни боғлайдиган ип сифатида хизмат қилади. Даврон Тошев ўз асарларида тарихий меросимизни, миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни келгуси авлодларга етказишга интилади. У замон, воқеалар хронологиясини асарларидаги қаҳрамонларининг тасвирлари орқали ўзининг бадиий нигоҳи ёрдамида очиб беради.

Рассом асарлари қалб, мусиқа ва мўйқаламдан таркиб топгандай гўё. Ўзининг миниатюра асарларида мусиқанинг ажойиб уйғунлигини нозик чизгилар ёрдамида томошабинга етказади.

Рассом асарларидаги нафис нақшлар, деталларнинг аниқ, нозик ва ўзаро уйғун тасвирланиши Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида тасвирланган қахрамонларнинг лирик кайфиятини акс эттиради.

Муаллиф фаолияти давомида у кўплаб кўргазма ва фестивалларда совринлар, дипломлар билан тақдирланган.  2001, 2003 йилларда Қозоғистонда бўлиб ўтган “Ўрта Осиё ҳунармандлари” фестивалида қатнашган. 2005 йилдан бери Белгия ва Франция давлатларида ўтказиладиган турли халқаро кўргазмаларда қатнашиб келмоқда. 2006 йилда Белгияда рассомнинг шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди. 2007-2011 йиллар оралиғида  Францияда бир неча бор шахсий кўргазмалари бўлиб ўтган.

Ўзбекистон тасвирий санъати ривожига қўшган ҳиссаси муносиб тақдирланиб, 2005 йилда Даврон Тошев “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Даврон Тошевнинг 70 га яқин асарлари намойиш этилаётган ушбу  кўргазма 29 февралгача давом этади.