Анъанавий фестиваль бўлиб ўтди
27 апрель куни Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида 2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилига бағишлаб ташкил этилган санъат ҳафталигининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
22-26 апрель кунлари юртимиз бўйлаб беш кун давом этган фестиваль доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги ўқув муассасаларидан ташқари санъат йўналишидаги бошқа таълим масканлари ўқувчилари ижоди намуналари, турли кўргазмалар, концертлар, давра суҳбатлари ҳамда ижодий учрашувлар, устоз-мусаввирларнинг маҳорат сабоқлари ўрин олди. Шунингдек,тасарруфдаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Санъат ва бадиий таълим: инновацион жараёнлар ва XXI асрга доир самарали ўзаро таъсир масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция, мазкур институт талабаларининг “ЭГО” илмий-экспериментал конференцияси, тасарруфдаги таълим муассасаларининг миллий ва замонавий либослар намойиши ташкил этилди. Бу каби ранг-баранг тадбирлар томошабинларда, санъат ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотди.
2019 йилги тадбирнинг ўзига хослиги – бу ўқув муассасалари алоҳида кафедра ва факультетларининг санъат асарлари ва ижодий изланишларини намойиш қилиш имкониятини берди.
Фестиваль давомида Марказий кўргазмалар зали, унга туташ хиёбонлар ёш мусаввирлар билан гавжум бўлди. Улар томонидан Ватанимиз манзаралари, миллий анъана ва қадриятларимиз, баҳорий гўзаллик акс эттирилган кўплаб картиналар, миллий ҳунармандлик намуналари яратилди. Шунингдек, фестиваль доирасида хорижий мамлакатларнинг ўз маданият кунларига оид тақдимоти, кўргазмалари (Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Қувайт, Бангладеш, Индонезия, Латвия) мазкур санъат байрами ўзаро ижодий мулоқотга кенг шароит яратгани, унинг халқаро миқёсга чиққанидан далолатдир.
Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида миллий санъатимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бой меросини асраб-авайлаш, ёш ижодкорларнинг ўз салоҳиятларини намоён этишлари, миллий санъатимиз ютуқларини жаҳонга танитишда барча шарт-шароитлар яратилаётганини, мазкур санъат ҳафталиги ҳам кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси эканини таъкидлаб ўтди.
Тадбир иштирокчилари бу каби фестиваллар, аввало, ёшлар ва мураббийлар учун жуда муҳимлиги, ҳафталик давомида янги талантлар кашф этилиши, уларнинг ижодига яқиндан назар солишга имон яратиши, устоз-шогирд анъаналари бардавомлигини таъминлаши билан муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтдилар.
Ҳафта давомида фестиваль ҳайъат аъзолари ижодий ишларни кузатиб, баҳолаб борди.
Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимида “Энг яхши лойиҳа”, “Энг яхши таълим муассасаси”, “Энг яхши мураббий”, “Энг яхши либослар намойиши”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Энг ёш иштирокчи”, “Энг фаол иштирокчи”, “Энг яхши мусиқий оҳанг”, “Энг яхши креатив ғоя муаллифи”,“Энг яхши санъат асари”,“Энг яхши амалий санъат асарлари”, “Энг яхши кўргазма”, “Энг яхши маҳорат дарси”, “Энг яхши амалий санъат устаси”,“Энг яхши танлов ташкилотчилари” каби номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар диплом, фахрий ёрлиқ, сертификат ҳамда фестиваль ғолиблари олтин ва кумуш медаллар билан тақдирландилар.
Жумладан, “Камолиддин Беҳзод издошлари” республика танловини муваффақиятли ўтказиб келаётгани учун Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъат музейи директори Г.Қаршиева фестиваль доирасида “Энг яхши танлов ташкилотчилари” номинациясида ғолиб, деб топилди ва фестиваль дипломи соҳибаси бўлди.