Чолғу асбоблари устаси Раҳматилла Зокировдан шахсий кўргазма
16 март куни Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида халқ чолғу асбоблари устаси Раҳматилла Зокировнинг “Соғинч” номли шахсий кўргазмаси очилди. Мазкур кўргазма устанинг отаси ва устози, чолғу асбоблари устаси Ҳусан Зокиров хотирасига бағишланди.
Санъатнинг мусиқий шакли чолғу асбоблари орқали ҳаёт касб этади, бу жараёнда товушлар қатори ва унга асосланган оҳанглар вужудга келади. Шунинг учун ҳам юксак маҳорат билан яратилган чолғу асбоби ундан чиқаётган мусиқа тўлқинини қабул қилишимизда катта аҳамиятга эга. Раҳматилла Зокиров ўзбек чолғу асбоблари устачилигининг наслий давомчисидир.
Раҳматилла Зокиров 1947 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У болаликдан чолғу асбобларини яратиш жараёнида ўз ишларига қалбини бахшида этишини кўрган. Ўшандан буён Р.Зокиров ушбу мафтункор ҳунар билан қизиқиб қолади ва ҳозирга қадар кўп йиллик анъаналарни давом эттириб келмоқда.
Кўргазма ўз ҳаётини севимли ишига бағишлаган инсон, муаллифнинг падари бузруквори ва устози Ҳусан Зокиров ( 1913-1963) га бағишланди. Ҳусан Зокиров халқ чолғу асбобларини яратишда мусиқанинг ўзига хос маромини ҳис қилган усталардан бири. Уста яратган чолғуларда Тоҳир Ражабий, Қобил Усмонов, Атхам Худойқулов ва бошқа таниқли мусиқачилар ижро этишган.
Раҳматилла Зокиров отаси билан бирга ижод қилган ва асбобларни яратишган вақтларни соғинч билан эслайди, ёш уста ўз устози ва отасидан мусиқа асбобларини яратиш борасида бошланғич маълумотларни ўзлаштиради.
Чолғу асбобларини яратишда ёғоч тури ва унга ишлов бериш жараёни муҳим рол ўйнайди. Чолғу тут, нок дарахтлари, чинор, ёнғоқ, ўрик ва бошқа мевали дарахатлардан тайёрланади. Мева дарахтларининг ёғочи мусиқа асбобидан таралаётган товушнинг жарангли ва текис чиқишида муваффақият касб этади. Бунда асбобларнинг танаси, пардаси, бўйин ва бош қисми турли дарахт навларидан тайёрланади. Раҳматилла Зокиров томонидан яратилган ҳар бир мусиқа асбоби садаф билан қадалган ва гул нақшлари билан безатилган.
Кўргазма ташкилотчилари сўзларига кўра, чолғу асбоблари яратувчи ҳунармандларнинг шахсий кўргазмаси яқин йиллардан бери биринчи марта ташкил этилди. Зеро, бу йўналишдаги ҳунармандлар ҳам саноқлидир. Кўргазма ёшларнинг ҳунармандчиликнинг бу турига қизиқишини орттириш, авлодларга етказилишида муҳим аҳамият касб этади.
31 мартга қадар давом этадиган кўргазмада уста томонидан яратилган дутор, танбур, рубоб, тор, ғижжак сингари 20 дан зиёд чолғу асбоблари ўрин олган. Шарқнинг ажойиб сирли мусиқасини юзага келтирувчи мусиқа асбоблари ўзбек халқининг кўп асрлик мусиқий маданиятининг ажралмас қисмидир.