Yangiliklar

Буюк адибга эҳтиром

11 декабрь куни Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов бюстининг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан  адиб таваллудининг 90 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда.

Тошкент вилояти ҳокимияти мутасаддилари, Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари, Республика қирғиз миллий маданий маркази вакиллари, таниқли адабиётшунос олимлар, ўқувчи-ёшлар иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, балки бутун башарият аҳли, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, чин дўст ҳам эди.

Ч.Айтматовнинг қарийб барча асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Айтматов ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолаб, «Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин», деб ҳисоблайди.

Атоқли адибнинг мазкур бюсти истеъдодли ҳайкалтарош Баҳром Норбоев томонидан яратилди.