ШАРҚ КИТОБОТ САНЪАТИ ДУРДОНАЛАРИ
Шу йилнинг апрель ойида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ходимларидан иборат илмий-ижодий гуруҳ ноёб, ўзининг ранг-баранглиги билан бугунги кунда ҳам барчани ҳайратга солаётган, дунёнинг турли музейларида сақланаётган китобот санъати дурдоналарини ўрганиш, тўплаш ва санъатга ихлосманд юртдошларимиз эътиборига ҳаволаш этиш мақсадида музей Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Тўпқопи саройи музейи кутубхонаси ҳамда Турк ва Ислом асарлари музейи фондларида сақланаётган қўлёзмаларни ўрганди. Тадқиқот натижасида 170 дан ортиқ Шарқ китобот санъати намуналари нусхаси Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейига тақдим этилди.
Шу кунларда Камолиддин Беҳзод Шарқ миниатюра санъати музейида очилган “Шарқ китобот санъати дурдоналари” номли кўргазма давом этмоқда. Унда Тўпқопи саройи музейи кутубхонаси ҳамда Турк ва Ислом асарлари музейи фондларида сақланаётган китобот санъатининг ноёб дурдоналарининг факсимели нусхалари намойиш этилаяпти. Кўргазмада ушбу нодир коллекциянинг кичик бир қисми, жумладан, Камолидин Беҳзоднинг шогирди Маҳмуд Музаххиб асарлари, Ҳофиз Абру, Фирдавсий, Низомий, Саъдий асарларининг ноёб қўлёзмаларига ишланган миниатюралар, китобот санъатининг дурдоналари ўрин олган.
Маълумки, қўлёзма китоблар билан боғлиқ бўлган мўъжаз расм – миниатюралар Ўрта ва Яқин Шарқ мумтоз адабиёти – ғазаллар тўплами, тарихий солномалар ва бошқа соҳаларга оид қўлёзмаларни зийнатлаб турган.
Эрон (Шероз, Язд, Қазвин, Машҳад, Исфахон), Хуросон (Ҳирот), Озарбайжон (Табриз), Араб Шарқи (Ироқ, Миср, Сурия), Усмонлилар Туркияси, Ҳиндистон ва Марказий Осиё (Мовароуннаҳр) сингари кўплаб маданий марказларда миниатюра рангтасвири кенг тарқалган бўлиб, китобот санъати моҳир усталари орасида асрлар давомида Абулқосим Фирдавсий (940-1020), Низомий Ганжавий (1141-1501), Саъдий Шерозий (1270-1291), Хусрав Деҳлавий (1253-1325), Абдураҳмон Жомий (1414-1492), Алишер Навоий (1441-1501) асарлари маълум ва машҳур бўлган.
Миниатюра санъатининг энг юксак ривожланган даври XV аср охирги чораги ва ундан кейинги давр беназир мусаввир Камолиддин Беҳзод (1455 – 1535 йиллар атрофи) номи билан узвий боғлиқ. Ўз даврида “Аср нодири” деб улуғланган, буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг услуби кейинги давр мусаввирлари ижодига, Эрон, Марказий Осиё, Ҳиндистон ва Туркиянинг шарқ миниатюра рангтасвири мактабларига самарали таъсир кўрсатган.
Бадиий безатилган қўлёзма китоблар, ҳаттотлик намуналари, саҳифаларни бадиий безатиш санъати, муқовалаш санъати ва китобнинг асосий безаги ҳисобланмиш – атоқли усталар ва машҳур миниатюра мактабларига тегишли миниатюраларни йиғиш, тадқиқ қилиш ва яқиндан танишув Шарқда мероси, анъаналари сақланаётган ва ривожланаётган ушбу нафис ва мураккаб санъат турини чуқурроқ англашга ёрдам беради.
Тўпқопи саройи музейи кутубхонасида нодир ва ноёб ҳисобланган Шарқ қўлёзмалари сақланади, уларнинг аксарияти китобот ва миниатюра санъатининг нафис ва бетакрор намуналари билан безатилган ҳамда дунё маданий меросининг хазинасидан жой олган.
Кўргазмада Алишер Навоий портрети, Низомий “Хамса”си, Жомий асарлари, Девонлар, “Хумайи ва Хумоюн” асари, Ҳофиз Абру куллиётига, Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари, “Зафарнома”, “Темурнома”, Саъдий Шерозий достонлари ва бошқа нодир қўлёзмаларга ишланган миниатюралар, шамс, зарварақ, унвон ва жилдларнинг гўзал намуналари намойиш этилаяпти.
Туркия ва Ислом санъати музейи ислом ва турк санъати асарларини ўзида жамлаган энг йирик музей ҳисобланиб, унда музейнинг ифтихори бўлмиш Қуръони Каримнинг дурдона қўлёзмалари ҳамда ҳаттотлик ва миниатюраларнинг ноёб нодир намуналари сақланади.