Ko‘rgazmalar

Буюк мусаввир издошлари

Жорий йил Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари Республика ижодий танлови якуний босқичи иштирокчилари кўргазмасининг очилиши ҳамда танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

“Камолиддин Беҳзод издошлари” Республика ижодий танлови  2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Академияси тасарруфидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари ўқувчилари орасида ташкил этиб келинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4688-сон Қарори билан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда қатор вазирлик ва муассасалар ҳамкорлигида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари танлови Республика миқёсида ўтказилмоқда.

Мазкур ижодий танлов тасвирий ва амалий санъатнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, соҳага кириб келаётган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, миниатюра ва халқ амалий санъати соҳаларида миллий меросимизни тиклаш, ёш истеъдодларни янги ижодий услубларини излаш, миллий санъатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, ёш мусаввирларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, истеъдодини тизимли асосда тарбиялашнинг янги истиқболларини яратиш мақсадида ташкил этилган.

Танлов 15 ёшдан 17 ёшгача ҳамда 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида “Энг яхши миниатюра асари”, “Энг яхши графика асари”, “Энг яхши наққошлик асари”, “Энг яхши хаттотлик асари” ва “Энг яхши амалий санъат асари (миниатюра санъати билан уййғунлашган амалий санъат асарлари)” номинацияларида ташкил этилади.

Танловда Бадиий Академияси тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги санъат мактаб-интернатлари, маданият ва санъат мактаблари, Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати, Республика Дизайн мактаби, П.Бенков номидаги республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари иштирок этмоқдалар.

Танлов 2 босқичдан иборат бўлиб, кўргазмада иккинчи босқичга тавсия этилган асарлар намойиш этилмоқда. Танловнинг якуний босқичи ғолибларни аниқлаш учун таниқли рассомлар, санъатшунослар, бадиий таълимнинг етакчи педагоглари ва ижодкорлардан иборат махсус ҳайъат тузилган.

Кўргазма намойишига қадар ҳайъат томонидан барча номинациялар бўйича I, II, III ўрин совриндорлари, рағбатлантирувчи ўрин соҳиблари аниқланди.

Кўргазмада ёш ижодкорларнинг 400 дан ортиқ асарлари қабул қилиниб, булардан 200 га яқин асарлар кўргазмада намойиш этилмоқда.