Хаттотликдан маҳорат дарси
Мамлакатимизда 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” га бағишланган Замонавий амалий санъат: безак ва услуб” номли III Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси маҳорат дарсларига бой ўтди.
Жумладан, Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида ҳам биеннале доирасидаги навбатдаги маҳорат дарси хаттотлик йўналишида бўлди.
Ушбу маҳорат дарси Салимжон Бадалбоев, Ислом Маматов ва Низомиддин Турсуналиев сингари нафис санъат усталари томонидан ўтказилди. Хаттотлар мазкур санъат турининг яратилиш тарихи ва йўналишлари ҳақида маълумот бериб ўтишди, ташриф буюрган меҳмонларнинг исмини чиройли хат турлари билан моҳирона ёзиб бердилар.
Хаттотлик Шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этган ва фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъатдир. Ўрта Осиё халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши муносабати билан ўлкага араб ёзуви кириб келди. Ўрта Осиё халқлари муомаласидаги қадимий уйғур, ўрхун-энасой, суғд, хоразмий ёзувлари истеъмолдан чиқиб, VII аср охиридан араб ёзуви илму фан ва давлат ишларида расмий ёзувга айланди.
Ташкил этилган маҳорат дарсида Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, санъатшунослар, хорижлик санъатшунослар, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари, рангтасвир мухлислари, ОАВ вакиллари иштирок этди.