Yangiliklar

Музей тоифа олди

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Давлат музейларининг тоифаларини белгилаш бўйича махсус комиссия мажлисининг қарори билан Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейига Биринчи тоифа берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 12 апрелдаги 68-сон қарорига 2-илова, Давлат музейларининг тоифалари тўғрисида НИЗОМда қайд этилганидек: Музейларнинг асосий фондида сақланаётган музей ашёлари, музей коллекцияларининг ноёблиги, уларнинг сақланиш ҳолати, музей биносининг амалдаги талабларга мослиги, замонавий техника ва фонд жиҳозлари билан таъминланганлиги, ташриф буюрувчилар учун яратилган қулайликлар, экспозициясининг жаҳон стандартларига жавоб бера олиши, халқаро алоқалар йўлга қўйилганлиги ҳамда экспонатлар сони, музейга бир йил давомида ташриф буюрганлар сони давлат музейларининг тоифаларини белгилашда асосий кўрсаткичлар бўлиб ҳисобланади.

Таъкидлаш керакки, музей томонидан буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ижодий меросини тўла ўрганиш ва тарғиб қилиш, китобот, ҳаттотлик, Шарқ миниатюра санъати ва уларни яратиш технологиялари билан таништириш, миниатюра мактаблари, тасвирий ва амалий санъатнинг муайян илмий муаммоларига бағишланган республика ва халқаро илмий анжуманларни ташкил этиш, санъат асарлари орқали ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, бебаҳо тарихий ва маданий меросимизга нисбатан ҳурмат ва ифтихор туйғуларида тарбиялаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Музей ташаббуси билан йўлга қўйилган лойиҳа – «Камолиддин Беҳзод издошлари» ижодий танлови,унинг доирасида ташкил этилаётган кўргазмалар бобокалонимиз Камолиддин Беҳзоднинг бетакрор ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, ёш авлодни халқимиз маданияти тарихи билан ғурурланиш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи анъанавий тадбирга айланиб, ижодкор ёшлар ўртасида ҳақиқий иқтидор соҳибларини, миллий санъатимизнинг келажагини таъминловчи ёш истеъдод эгаларини топиш, рағбатлантириш, Камолиддин Беҳзод каби буюк маҳорат эгалари бўлиб, улкан ижодий ютуқларни қўлга киритиш, Ўзбекистон тасвирий санъатини дунёга танитишларида муҳим туртки бўлмоқда.

Музей фонди сўнгги йилларга келиб 600 дан зиёд музей ашёлари ва коллекциялар билан бойиди. Қиёслаганда, музейга ташриф буюрувчиларнинг сони аввалгидан кескин ошди. Олдин Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейи деб аталган музей, асосли таклифлардан келиб чиқиб Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, деб қайта номланди, бу билан унинг илмий тадқиқот маскани сифатида нуфузи ошди.

Фаолиятни ривожлантириш, жаҳондаги етакчи музейлар билан илғор тарибалар алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда, халқаро доирада ижодий мулоқотлар қамрови кенгаймоқда.

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ва Қозоғистон Республикаси Миллий музейи ўртасида англашув меморандуми, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Тўпқопи саройи музейи ҳамда Турк ва Ислом санъати музейлари билан ҳамкорлик битими, Япониянинг Аичи санъат университети билан ўзбек қоғози ва миниатюрасини ўрганиш бўйича илмий-ижодий ҳамкорлик меморандуми имзолангани ҳамда режадаги ҳамкорлик лойиҳалари сўзимизга яққол мисолдир.

Бундан ташқари, музей томонидан “Ўзбекистон миниатюра санъати: генезиси, эволюцион жараён ва истиқболи” фундаментал лойиҳаси доирасида ўтказилган “Марказий Осиё китобот санъати ва миниатюраси” номли Республика илмий-амалий конференция, “Шарқ китобот санъати дурдоналари” мавзуида туркум кўргазмалар, «Мовароуннаҳр миниатюра санъатини ўрганиш аспектлари” номли монография миниатюра санъатини ўрганишнинг илмий-назарий аспектлари, тарихий манбаларда китобот санъати ва миниатюра ҳақида, Шарқ мумтоз адабиёти ва миниатюра санъати, хаттотлик санъати, тасаввуф ғоялари ва унинг миниатюрада акс этиши, миниатюра – ўрта асрлар меъморчилиги ва амалий санъатини ўрганиш манбаси сифатида, музейларда миниатюра асарларини сақлаш ва уларни намойиш этиш муаммолари масалалари муҳокама этилгани, ўзаро фикр алмашиш, аждодларимизнинг бой маънавий меросидан янада кўпроқ баҳраманд бўлиш ва энг асосийси, ёш ижодкорлар, тадқиқотчиларни изланишга, муттасил меҳнат қилишга чорлагани билан муҳим аҳамият касб этди.

“Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарорида мусаввир бобокалонимиз меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Қарор ижроси доирасида “Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Камолиддин Беҳзоднинг асарлари бугунги кунда АҚШ, Франция, Германия, Миср, Эрон, Россия каби хорижий давлатлар музейларида сақлаб келинмоқда. Буюк мусаввир ва унинг шогирдлари асарлари нусхаларини музей фондида тўплаш олдиндаги муҳим вазифалардан биридир. Бу миллий тасвирий санъатимиз учун жуда катта ютуқ бўлади.