Yangiliklar

Қарор ижроси таъминланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4688-сон Қарорига мувофиқ жорий йил 14-16 октябрь кунлари юртимизда буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги кенг нишонланади.

Шу муносабат билан Қарор ижроси доирасида “Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланган.

6 июль куни Ўзбекистон Бадиий академияси анжуманлар залида “Йўл харитаси” ижросига масъул Ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

“Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш муҳокама этилган йиғилишда Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Ф.Обиджанова, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази вакиллари, Ишчи гуруҳ аъзолари – Р.Бекова, Р.Баҳодиров, Д.Расулов, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъат музейидан – Ш.Муҳаммаджонов, З.Раҳимова, Г.Қаршиева иштирок этди.

Ишчи гуруҳ аъзолари “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар, жумладан Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари ижодига оид тадқиқотларни ўрганиш, Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари асарлари сақланаётган хорижий музей, кутубхоналар ҳамда қўлёзмалар рўйхатини шакллантириш, Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб хориждаги асарларнинг асл ёки кўчирма нусхасини олиб келиш сингари вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари борасида фикр алмашишди.