Ko‘rgazmalar

Хаттотлик асарлари кўргазмаси

Қадимдан бой маданий меросга эга халқмиз. Хаттотлик санъати ана шундай жозибадор қадриятларимиздан бири. Бу санъат Шарқда ҳуснихат, хаттотлик Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган. Ушбу санъат усталари – хаттотлар ўз даврларида катта обрў эътиборга эга бўлиб, илм- фан аҳли қаторидан жой олганлар. Ана шундай хаттот усталаридан саналган, ушбу санъатни юқори нуқталарга кўтарилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган таниқли хаттотлардан бири Орифжонов Улуғбекдир.

Шу кунларда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида  Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, хаттот  У. Орифжоновнинг  “Музаййана битиклар”номли хаттотлик асарларидан иборат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Орифжонов Улуғбек Аброрович 1971 йил Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. 1977 йил Тошкент шаҳридаги 141-ўрта мактабда таълим олади. Ёшлигидан рассомлик санъатига қизиққани учун ота-онаси уни наққошлик ва рассомлик тўгарагига беради. У ерда 1985 йилгача наққошлик ва рассомчилик санъатини чуқур ўрганади. 1985 йили 38-мактабни битиради ва  П.П.Беньков номидаги рассомчилик билим юртига ўқишга киради. 1990 йили устози Маҳмуд Тўраев қўлларида наққошлик гуруҳини битиради. Сўнгра, аввал “Усто” кейин “Мусаввир” илмий ишлаб чиқариш марказларида ижодини давом эттиради.

У.Орифжонов наққошлик санъат соҳасида фаолият юрутган кезлари, хаттотлик санъатига ҳам қизиқиш билдиради ва у санъат турини ҳам ўрганади.  Ушбу санъатнинг сир синоатларини чуқур ўзлаштириб, энг машхур хат тури ҳисобланган куфий ёзуви бўйича моҳир уста бўлиб етишди.

Орифжонов Улуғбек ўзининг иш фаолияти давомида икки санъат: наққошлик ва хаттотлик санъати йўналишида ижод қилиб, бир қанча кўрик-танловларда иштирок этган. Жумладан: Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ва Ўзбекистон Ҳунарманд уюшмаси билан ҳамкорликда, Алишер Навоий шахсияти ва ижодига бағишланган “Тарих қаъридаги нур” кўргазма, Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига бағишланган Халқаро симпозиум, Туркия давлатида бўлиб ўтган “MESHK 4” Халқаро аньанавий санъат учрашувларида иштирок этиб, диплом ҳамда сертификатлар билан тақдирланган.

Кўргазмада 50 дан ортиқ асарлар ўрин олган бўлиб, мазкур асарлар томошабин тафаккурини юксалтириш учун хизмат қилади.