Ko‘rgazmalar

Нафис санъат намуналари

Бугун, 15 декабрь куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон Бадиий Академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, миниатюрачи рассом Бехзод Хаджиметов ва унинг шогирдлари иштирокидаги “Шарқ нафис санъати ёшлар нигоҳида – IV” номли анъанавий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Асрлар оша инсонларга гўзаллик ҳадя этиб келаётган мусаввирлик, айниқса, унинг ўзига хос йўналиши саналган миниатюра санъати узоқ йиллар давомида шаклланган, сайқалланган ижод туридир. Шарқ миниатюрасининг нозик жиҳатлари, мураккабликлари ижодкордан катта меҳнат ва изланишни талаб этади. Миниатюра асарларида бир қарашда биз англамайдиган гўзалликни тасвирлаб, уни юксак санъат асарига айлантириш учун ижодкор кенг билим ва маҳорат, юксак савия, дид ва қобилият соҳиби бўлиши лозим.

“Шарқ нафис санъати ёшлар нигоҳида – IV” номли кўргазмани ташкил этиш ғояси рассом Беҳзод Хожиметов томонидан илгари сурилган бўлиб, илк кўргазма 2017 йилда ташкил этилган. Аньанага айланган ушбу кўргазмада миниатюрачи рассом Беҳзод Хожиметов ва ёш миниатюрачи рассомлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этишмоқда.

Кўргазмада Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ёш ўқитувчилари, олийгоҳ битирувчилари ва талабалари – Абдуллаева Гулҳаё, Дедашев Бахтиёр, Жалилова Саида, Аҳмадалиева Нилуфар, Жонибекова Сабрина, Бердиева Зилола, Пўлатова Муяссар, Мелибоев Хаётбек, Ҳошимова Дилшода, Жўрабоев Бегзод, Қамбарова Шарофат, Йўлдошева Махфуза, Бўтаев Шохрух, Умаров Абдуваҳҳоб, Азамова Лазокат, Маҳмудов Нозим, Арифбоев Шерзодларнинг ижод намуналари намойиш этиляпти. Улар ўз устозлари раҳбарлигида доимо янгиликка интилиб, ўз маҳоратларини ривожлантирмоқдалар ва шу билан бирга, янги шаклларга эга бўлган анъаналарни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқдалар.

Кўргазмада ижодкорларнинг бутун маҳорати сезилиб турган ўзига хос кайфият ҳукмрон бўлган 60 дан ортиқ асарлар намойиш этилган, устозларнинг шарофати ила  тасвирий санъатдаги анъаналарни давом эттирган ҳолда янги қарашларни ривожлантирган янги авлод яралмоқда.

Кўргазма 2022 йилнинг 30 январига қадар давом этади.