Азиз юртнинг бахтиёр болалари
Бугун, 31 май куни Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда “ВАҚФ” хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар филиали ҳамкорлигида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб Яккасарой туманида жойлашган 25-сон имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда “БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ” номли хайрия тадбири ташкил этилди.
Дунёда болажонлар кулгиси, нурли чеҳраси, мурғак қалбидан-да беғубор нарса бўлмаса керак. Зотан, ҳар бир ота-она учун фарзандининг соғ-саломат, юрт корига яровчи оқил бўлиб улғайиши, саодатли ва бахтиёр дамларини кўриб яшаш умрининг асосий мазмунидир.
Айни кунларда республикамизнинг турли гўшаларида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Пойтахтимиздаги 25-сон имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда “Боланинг бегонаси бўлмайди ” номли хайрия тадбири ҳам ана шундай байрам тантанаси сирасига киради.
Ушбу хайрия тадбири доирасида болалар иштирокида концерт дастурлари, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ходимлари томонидан маҳорат дарслари ва Янгийўл шаҳар 11-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисосолаштирилган ёрдамчи мактабнинг 9 “б”-синф ўқувчиси Холмахматов Асрор Шариф ўғлининг шахсий кўргазмаси ҳамда оммавий сайр томошалари ташкил этилди.
Миниатюра йўналиши бўйича маҳорат дарсларини Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейининг Миниатюра санъати бўлими бошлиғи Саида Жалилова олиб борди.
Ҳаттотлик йўналиши бўйича маҳорат дарсларини ушбу музей ходими Бахтиёр Дедашев моҳирона тарзда кўрсатиб берди.
Бола қувончи -дунё қувончи, дейилганидек, улардаги шодлик,қувонч туйғулари барчага табассум улашди.
Тадбирда мактаб болаларига байрам совғалари улашилди.