Yangiliklar

Санъат ҳафталиги ниҳоясига етди

Жорий йил 19-23 апрель кунлари мамлакатимизда 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишланган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтди.  Бугун, 23 апрель куни  Тошкентда Ўзбекистон бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида ушбу фестивалнинг  тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.  14 йилдан буён давом этиб келаётган ушбу санъат ҳафталигида Ўзбекистон рассомлари, ихтисослаштирилган ўқув юртлари ўзларининг ютуқлари, ғоялари ва лойиҳаларини намойиш этиш учун қулай имкониятларга эга бўлдилар.

Бугунги кунда халқаро даражага кўтарилган фестиваль давлатимиз томонидан тасвирий ва амалий санъат ривожига қаратилаётган эътиборнинг амалий тасдиғидир.

Ушбу фестивалда йиллар давомида кашф этилган истеъдодлар  бугунги кунда миллий санъатимиз ривожи, бой меросимизни асраб-авайлаш ҳамда дунёга танитишда хизмат қилиб келмоқда.

Фестиваль доирасида  Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида академик, миниатюрачи рассом Ниёзали Холматов (1947-2020 йй) хотирасига бағишланган “Шарқона сюита” номли шахсий кўргазмаси очилди.  Рассомнинг кўргазмада ўрин олган 70 га яқин  асарлари, айниқса  “Пайғамбарлар тарихи”, Фирдавсийнинг «Шохнома» асари ва бошқа бадиий асарларга ишланган туркум миниатюра асарлар санъат ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотди.

Фестиваль доирасида яна 15-17 ҳамда 18-21 ёшлилар ўртасида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови Республика босқичи иштирокчилариниг кўргазмаси ўтказилди. Ғолиблар “Энг яхши миниатюра асари учун”, “Энг яхши графика асари учун”, Энг яхши наққошлик асари учун” , “Энг яхши амалий санъат асари учун” номинацияларии бўйича аниқланди.

Бугун, 23 апрель куни танловнинг Республика босқичи ғолиблари  Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтган халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг тантанали ёпилиш маросимида танлов дипломи ҳамда “Илҳом” жамоат фонди томонидан совғалар билан тақдирландилар.

Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ғолиблари махсус медаллар – бронза (31 нафар), кумуш (30 нафар), олтин ( 28 нафар) медаллари соҳиби бўлишди.
Шу билан бирга фестивални юқори даражада ташкил этиш мақсадида ўтказилган танловлар ғолиблари ҳамда энг яхши асарлар муаллифларига ҳомий ташкилотларнинг эсталик совғалари берилди.

Тантанали тадбирда ушбу фестиваль ўзбек тасвирий ва амалий санъати ривожига яна бир туртки бўлгани, янги истеъдодлар аниқлангани таъкидланди.

Шу билан 2021 йилнинг халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўз ниҳоясига етди.