Фестиваль доирасида шахсий кўргазма
Бугун, 20 апрель куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида миниатюрачи рассом, Ўзбекистон Бадиий академияси фахрий аъзоси, академик Ниёзали Холматов (1947-2020) хотирасига бағишланган “Шарқона сюита” номли шахсий кўргазма очилди.
Ниёзали Холматов мумтоз миниатюра анъаналарини замонавий локли миниатюра санъатида давом эттирган издошлардан биридир. Рассом миниатюраларидаги тоза бўёқлар бамисоли ғадир-будир эмал сингари қуюқ ва бўртиқ бўлиб кўзга ташланади. Унинг асарлари кўринишдан оддий ва пухта, бўёқ суришдаги соддалик эса ҳеч бир ортиқча уринишлар йўқлигидан далолат беради.
Ниёзали Холматов 1947 йил Андижон шаҳрининг Қўрғонтепа туманида туғилган. У ўрта махсус ўқув юртини тамомлагандан сўнг, Москва бадиий гравюра фабрикасида безакчи рассом сифатида фаолият юритади. Унинг заргарлик санъатига бўлган иштиёқи шу ерда бошланади. Бироқ, Ниёзали Холматовнинг қалбида Шарқ санъатига бўлган қизиқиш жўш урарди. Рассомнинг креатив фикрлаши асносида заргарлик санъатини локли миниатюра билан синтез қилиш каби янги ғоя пайдо бўлди. Кейинчалик, у ўз ишларида ушбу синтезга эришди ва бу билан ёш ўзбек миниатюристларнинг кейинги вакиллари учун бутун бир йўналиш очиб берди.
Ниёзали Холматов иш фаолиятини 1973 йилдан 1980 йилга қадар Москва бадиий гравюра корхонасининг тажриба лабораториясида бошлади. 1980 йилдан “Усто” бирлашмаси қошидаги мактабда Чингиз Аҳмаров раҳбарлигида мутахассислар тайёрлаш билан шуғулланди. 1998-1999 йиллар Ўзбекистон Бадиий академияси академик-котиби этиб тайинланди. Шунингдек, рассом Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида педагог сифатида ҳам фаолият олиб борган.
1997 йил Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, 2000 йил Ўзбекистон халқ устаси унвонига сазовор бўлган.
Ниёзали Холматов асарларнинг сюжет мантиғини сақлайди, мавзуда нимани ёритиш лозим бўлса, кўпинча шу нарсани акс эттиради. Бунга унинг “Пайғамбарлар тарихи”, Фирдавсийнинг «Шохнома» асари ва бошқа бадиий асарларга ишланган миниатюралар туркумларини мисол келтириш мумкин. Шунингдек, инсон чеҳрасини махсус ифода этар экан, у тасвирлаган қаҳрамонлар муайянлигини таъкидлаган ҳолда суратдаги одамлар қиёфасини кескин чегаралайди. Қиёфаларни дадил жойлаштириб, ранг-баранг инсоний туйғулар – қувонч, қайғу, даҳшат, тушкунлик ва ҳоказоларни моҳирлик билан ифода этади.
Миниатюра санъати учун қоғоз сифати жуда муҳим рўл ўйнайди. Ниёзали Холматов ана шу жиҳатларни эътибордан қолдирмади. У қадимий ҳунармандлик йўналишларидан бири – қоғоз ишлаб чиқариш сирини тиклади. Шогирдларига ҳам тут кўчатини етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва қоғоз тайёрлаш ҳамда тайёр қоғозга миниатюра асарларини яратиш билан боғлиқ барча жараёнларни ўргатди. У локли буюмларда нафис сюжетли миниатюралар ярата оладиган маҳоратли уста. Шунингдек, дастгоҳли рангтасвирнинг мойбўёқ ва темпера техникаларида ҳамда эмаль санъатида ҳам гўзал асарлар яратган.
Рассомнинг барча ишлари ўзига хос – композицияси, жиддий, лўнда ва нозик ифода услубидан фойдаланган юқори техник маҳорат билан бажарилган. Ниёзали Холматов санъатида намоён бўлган типологик ёндашув ўрта аср миниатюраси услубияти ва рамзийлигининг қайта тикланишига қаратилган. Унинг асарлари Ўзбекистон ва хориждаги музейлар, шахсий тўпламларда сақланади.
Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида очилган ва 70 га яқин асарлар намойиш этилаётган ушбу кўргазма шу йил 20 августга қадар давом этади.