Кўчма кўргазма ва маҳорат дарсидан кейинги ўйлар…
Мамлакатимизда биринчи марта ўтказилаётган “Китобхонлик ҳафталиги”да Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳам фаол иштирок этаяпти. Музей томонидан китобхонлар байрами доирасида Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона марказида “Санъат оламига сайёҳат” номли миниатюра санъати асарларидан иборат кўчма кўргазма ҳамда маҳорат дарслари ташкил қилинди. Таъкидлаш керакки, ушбу тадбирлар нафақат санъат ихлосмандлари, балки кенг жамоатчиликда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
— Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи томонидан ташкил этилган “Санъат оламига саёҳат” номли кўргазма экспозициясидан ўрин олган миниатюра асарларини томоша қилиб, инсонни нафосатга чорловчи бу дурдона асарлар, миллий меросимиз анъаналари барҳаётлигига ишонч ҳосил қилдим, керакли билим, маълумотга эга бўлдим. Ушбу кўчма кўргазма тадбир иштирокчиларида ўчмас таассурот қолдириш баробарида катта қизиқиш ҳам уйғотди.
Шаҳодат Бахриева,
Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона маркази директори
— Санъатнинг чексиз олами мени болаликдан ўзига мафтун этган, рассом бўлишни орзу қилган эдим. Иштиёқимни кўрган дадам раҳматли етти ёшга тўлганимда Тошкентга, «Ёшлик» журнали рассоми Рустам Зуфаровга олиб боргандилар. У кишидан маълум вақт сабоқ ҳам олдим. Дадам мактаб директори эди, бошқа бир мактабдаги расм ўқитувчисидан илтимос қилиб, бизнинг мактабда тўгарак очиб бердилар. Дадам чизишимга қаттиқ эътибор берар, қўллаб-қувватлардилар. Афсус, 4-синфга ўтганимда меҳрибон падари бузрукворим вафот этди. Тақдир экан, лицей, университет, иш, ҳаёт ташвишлари деганларидек болалик орзуимдан йироқлашиб кетдим…
“Китобхонлик ҳафталиги”да Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра музейи рассомлари томонидан ўтказилган мастер-классда иштирок этиш не тонгки менгаям насиб қилди. Мен ички бир хоҳиш, ундов билан столга ўтириб, расм чизиб бошладим. Бу дақиқаларда ўзимни уч мучални “уриб қўйган”, вилоят ташкилоти раҳбари ўринбосари эмас, балки отажоним қўлидан тутиб, пойтахтга, эл таниган рассом Рустам Зуфаров қошига борган мурғаккина 7-8 ёшли Шерзоджон ҳис қилдим, гўё. Санъатнинг сеҳрли кучи ҳам шунда, деб ўйлайман. Музей томонидан аждодларимиздан мерос нафис санъат турида ўтказилган маҳорат дарслари ўйлайманки, қадриятларимиз ёшларимиз томонидан муносиб давом эттирилишига хизмат қилади. Зеро, санъат қадрланган жойда маънавий комил инсон камол топади, жамият ривожланади. Маҳорат дарсида болалик дунёимга қайтиб, санъат оламига саёҳат қилар, анъананинг жонкуяр давомчиси Камол Мирзаевдан сабоқ олар эканман менда мана шундай ўйлар кечди.
Шерзод Сувонқулов,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг
Самарқанд вилоят Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари