Ko‘rgazmalar

Ватан суйган болалар

3 декабрь куни  Ўзбекистон Бадиий академияси  Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ташаббуси билан пойтахтимиздаги 25-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда “Болаларга беринг дунёни ” шиори остида “Ватан суйган болалар” номли хайрия тадбири ва миниатюра  асарларидан  ташкил топган кўчма кўргазма ҳамда кўргазма доирасида  маҳорат дарслари ташкил этилди.

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Миллий гвардия, Ёшлар ишлари агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамкорлигида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи томонидан ташкил қилинган ушбу хайрия тадбиридан кўзланган асосий мақсад – ақлан ва жисмонан нуқсони бор, имконияти чекланган болалар жамиятимизда эътиборда ва ҳар томонлама сафимизда эканлиги, уларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Тадбирни  мазкур 25-сонли мактаб директори Мадина Атаханова очиб берди. Шунингдек тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори ўринбосари Фаррух Назиров  имкониятлари чекланган болалар давлатимиз муҳофазаси ва ардоғида экани, бугунги тадбир ана шундай хайрли ишга ўзига хос камарбаста бўлишини  таъкидлади.

Тадбирнинг концерт дастурида хушовоз хонанда Муниса Ризаева куйлаган қўшиқлар болажонларни хушнуд этди.  Шундан сўнг маҳорат дарслари ўтказилди.

Миниатюра санъати йўналиши бўйича маҳорат дарсини миниатюрачи рассом Камол Мирзаев, ёш рассомлар  Саида Жалилова ва Гулираъно Абдуллаева олиб боришди ва нафис асар яратиш усулларидан айримларини намойиш этишди.

Кўргазма ва маҳорат дарсларидан ўқувчилар тасвирий санъат асарларидан баҳраманд бўлибгина қолмасдан ўзлари ҳам  бевосита маҳорат дарсларига қатнашиб, ижод билан машғул бўлишди.

Тадбир доирасида тарбияланувчиларга музей томонидан ташкил этилган кўчма кўргазмага қизиқарли экускурсия уюштирилди.

Хайрия тадбири якунида 25-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб маъмурияти ушбу маҳорат дарслари ва кўчма кўргазма болажонларда катта қизиқиш уйғотиб, кўнгилларга шодлик улашгани учун  музей мутасаддиларига миннатдорлик билдиришди.