Yangiliklar

Халқаро симпозиум якуний маросими

Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг анжуманлар залида жорий йилнинг 14-16 октябрь кунлари пойтахтимизда буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган Халқаро симпозиум якунига бағишланган ҳисобот тадбири ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чоратадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4688-сон қарори асосида Бадиий академия, Маданият, Ташқи ишлар вазирлиги, “Тасвирий ойна” ижодий бирлашмаси, “Илҳом” ижодкорларни қўллаб-қувватлаш фонди, тегишли идоралар ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур Халқаро симпозиум доирасида Бадиий академия тизимидаги кўргазма залларида бир неча тадбирлар ўрин олди.

Жумладан, Тошкент фотосуратлар уйида 100 дан ортиқ ҳаттотлик ва миниатюра асари қўйилган кўргазма экспозициясида машҳур мусаввир ва хаттотлар қатормда, ёш миниатюрачи рассомларнинг ҳам ижодидан намуналар берилди. Кўргазма халқаро миқёсда бўлгани сабабли экспозицияда 10 га яқин хорижий давлат – Эрон, Буюк Британия, Покистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистоннинг етук рассомлари асарлари янгича форматда, электрон шаклда намойиш этилди.

Экспозиция залларидан бирида илк бор анимацион шаклда намойиш этилган буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг миниатюра асарлари кўргазмага замонавий кўриниш бағишлади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Шомаҳмуд Муҳаммаджоновнинг “Қалбим рангин олами” номли шахсий кўргазмасида 60 дан ортиқ миниатюра асарлари намойиш этилди. Ш.Муҳаммаджонов Шарқ миниатюраси ва китобат санъатидаги чуқур изланишлари натижасида, “Абру баҳор” деб номланувчи қоғоз тайёрлаш ва безашнинг қадимий услубини тиклади.

Марказий кўргазмалар залида “Камолиддин Беҳзод ва унинг даври” номли рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Миллий ўзига хосликни излаб, Ўзбекистон рассомлари қайта-қайта Ўрта аср Шарқ маданий мероси – миниатюра санъатига мурожаат қилишади. Экспозициядан ўзбек тасвирий санъатининг шаклланиши бошида турган кекса авлод рассомлари – А.Николаев (Усто Мўмин), Н. Кашина, Ч. Ахмаров, шарқ миниатюраси техникасини ўзгача тарзда ўзгартирган Ш. Абдурашидов, Ф. Ахмадалиев, В. Зияев, Л. Ибрагимов, Б. Махкамов, А. Мирзаев, А. Нур, Ж. Усмонов, Р. Шодиев, романтик, лирик чизиқлар, декоративизм элементлари билан бойитган Ш.Абдумаликов, Н. Абдусаломхўжаев, Ш.Тошбоев, Й. Турсунназаров,  ўрта аср миниатюралари услуби  сюжетларига ва қаҳрамонларини ўз асарларида ўзига хос тарзда очиб берган О. Бобожонов, У. Маматов, И. Мансуров, Б. Маҳкамов, Т. Саъдуллаев, К. Юсупов, график рассомлар ва ҳайкалтарошлар П. Анненков, А. Ғуломов,  А. Дмитриев, О. Земцов, И. Кириакиди, А. Мамаджанов, Т. Мухамедов, Б. Йўлдошев, Л. Нестерович ва Қ. Норхўрозов асарлари ўрин олди.

Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида “Камолиддин Беҳзод издошлари” танлови Республика босқичи иштирокчиларининг  миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари кўргазмаси ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.Танловнинг республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардан 15 ёшдан 20 ёшгача бўлган 78 нафар ёш ижодкор 234 га яқин ижодий ишлари билан иштирок этди. Танлов 15 ёшдан 17 ёшгача ҳамда 18 ёшдан 20 ёшгача бўлган ёш тоифалари бўйича алоҳида-алоҳида тартибда ўтказилди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида эпидемиологик вазият туфайли ZOOM платформаси орқали ўтказилган “Камолиддин Беҳзод ижоди Шарқ ва Ғарб бадиий маданияти кесимида” мавзуида халқаро илмий-амалий онлайн конференцияни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов, ЎзФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Эрон ЭКО Маданият институти президенти Сарвар Бахти, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ян Хладиклар табрик сўзи билан очиб бердилар.

Олимлар (Франция, Афғонистон, Эрон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркманистон олимлари) Камолиддин Беҳзод ва шогирдлари ижодининг  бошқа Шарқ ва Ғарб давлатлари миниатюраси ва тасвирий санъатига таъсири (Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Англия, АҚШ олимлари) ҳақидаги мақолалар билан бирга Ўзбекистон замонавий миниатюрасининг шаклланиш ва ривожланиш тенденциялари хусусида (Литва, Хитой), миниатюраларнинг бошқа санъат турларига таъсири (Ўзбекистон, Англия)га оид маърузалари билан иштирок этдилар.

Анжуманда Камолиддин Беҳзод, унинг шогирдлари ва издошларининг ижодини янада оммалаштириш, шунингдек, соҳага оид илмий-тадқиқотлар билан кенг жамоатчиликни таништириш долзарб аҳамиятга  эга эканлиги айтиб ўтилди, ижодининг дунё санъати ривожига таъсири атрофлича таҳлил қилинди.

Ушбу конференция ва унда тақдим этилган маърузалар буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод қолдирган беқиёс  ижодий меросга жаҳон миқёсида қизиқиш ниҳоятда катта эканлигининг амалдаги ёрқин бир ифодасидир.

Симпозиумда, Афғонистон, Эрон, Англия, АҚШ, Испания, Ирландия, Япония, Франция, Хитой, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Покистон, Туркия ва бошқа давлатлардан 33 нафар ижодкорлар ҳамда олимлар асарларини тақдим этдилар.

Халқаро симпозиумнинг очилиши маросимида иштирок этган Афғонистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Аҳмад Ҳалид Элми, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Ҳамид Наййирободий ўз сўзида буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг кейинги юбилей тадбирларини Ҳирот ва Теҳрон шаҳарларида ўтказиш таклифини илгари суришди. Шунингдек, навбатдаги юбилей тадбирларида иштирокчи сифатида эмас, ҳамкор ташкилотчи сифатида қатнашиш истагини билдиришди.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ян Хладик Камолиддин Беҳзоднинг кейинги юбилейи ЮНЕСКО бошчилигида ўтказилишини таклиф қилди.

Афғонистонлик олимлар Камолиддин Беҳзоднинг Ҳиротда жойлашган мақбараси ҳамда темурийлар даврида барпо этилган 800 га яқин таъмирга мухтож маданий мерос объектларни реставрация қилиш масаласи Ўзбекистон ҳукумати даражасида кўриб чиқилиши бўйича мурожаат қилдилар.

Шарқ миниатюраси олами – ҳаёт, хаёлот ва рамзлар уйғунлигидаги ҳайратлар оламидир. Унинг тимсоллари тантанавор, фусункор, кўнгилларга олам-олам ёруғлик улашади. Мўйқаламнинг соҳир ҳаракати ила ҳосил қилинган ёрқин бўёқлар, нозик шаклу шамойилларда табиат ва инсон бир тану бир жонга айланади. Миниатюра дурдоналарида буюк шоирларнинг фалсафий мушоҳадаларигина акс этиб қолмайди, улар коинотнинг боқий гўзаллигига ўқилган мадҳия ҳамдир.

Бугун ўзбекистонлик миниатюрачи рассомлар юртимиз ҳудудида ўтмишда мавжуд бўлган миниатюра мактабларининг унутилган анъаналарига қайта ҳаёт бахш этаётгани қувонарли.  Ўйлаймизки, ушбу симпозиум орқали юртимиз ва хорижий мусаввирлар, ҳаттотларнинг ижоди билан танишган ҳар бир томошабин уларнинг замонавий миниатюра санъати ривожига қўшган ҳиссасини муносиб баҳолайди.

Ҳисобот тадбири сўнгида Халқаро симпозиумни ўтказишда муносиб иштирок эган барча миниатюрачи рассомлар ва ҳаттотлик санъати усталари Ўзбекистон Бадиий академиясининг сертификати билан тақдирландилар.