Ko‘rgazmalar

Халқаро симпозиум доирасида кўргазма

14 октябр куни буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига бағишланган Халқаро симпозиум доирасида  Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Шомаҳмуд Муҳаммаджоновнинг “Қалбим рангин олами” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Кўргазмадан рассомнинг 60 дан ортиқ миниатюра асарлари ўрин олган бўлиб, кўргазмага ташриф буюрган ҳар бир инсон рассомнинг такрорланмас минатюра  асарлари яралишида асос бўлган нозик чизгилар нафислигини ҳис этиши мумкин.

Ш.Муҳаммаджонов 1954 йил 27 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. Болалик йилларидан миниатюра санъатига қизиқиш   уйғонади. Кичик ҳажмда бўлса-да,  нафис бўёқлар билан ишлов бераётган санъат асарлари уни такрорланмас куч билан ўзига мафтун этади. Ёшлигидан ўз кўнгли овозига қулоқ тутиб, танлаган йўлида мардонавор давом этган рассом ўз истеъдоди ва яратган асарларини  миниатюра санъати оламига бахшида этиб келмоқда.

1970 йилдан А.Навоий номидаги Давлат Адабиёт Музейида Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Ахмаров ва профессор Хамид Сулаймонлардан миниатюра санъатини ўрганади. 1974 йилда П.П.Беньков номли Республика рассомлик билим юртининг Дастгоҳли рангтасвир бўлимига ўқишга киради. Шарқ миниатюраси ва китобат санъатидаги чуқур изланишлари натижасида, “Абру баҳор” деб номланувчи қоғоз тайёрлаш ва безашнинг қадимий услубини тиклади. Шарқ миниатюраси соҳасидаги чуқур изланишлари натижасидаги билим ва малака унга шахсий услубини яратишга ёрдам берди. У ўз миниатюраларидаги образларини феъл-атвори, фикрлари, юз ифодаларини рамзий ранглар орқали етказишга ҳаракат қилади.

1991 йилдан бошлаб ижодкор асарлари билан республика ва xорижий, жумладан, АҚШ, Германия, Эрон, Туркия, Япония сингари мамлакатларда ўтказиладиган кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда.

Шомаҳмуд Муҳаммаджоновнинг асарлари Алишер Навоий номидаги Адабиёт давлат музейида Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан Чаён” асарига бағишланган туркум миниатюралари, Амалий санъат ва ҳунармандчилик давлат музейи Шарқ бадиий адабиётининг намоёндалари Фирдавсий, Низомий ва бошқалар асарларига ишланган, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи фондида миниатюралари сақланади.  Япониянинг Киото университетида “Навоий Лирикаси” тўпламига ишланган асарларида китобат санъатининг ёрқин намунасини кўриш мумкин. “Калила ва Димна” асарига ишланган миниатюра АҚШ Метрополитен музейида, Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарига ишланган миниатюралар Ўзбекистон давлат тарихи музейида сақланмоқда.

Шунингдек, рассом, 1991 йил, “Темур тузуклари” қўлёзмаси нусхаси учун, 1999 йил, “Буюк Ипак йўли эртаклари” тўплами, 2018 йил “Жафокаш севги” асарига миниатюралар ишлаган.

1989 йилда Ҳамза номидаги Давлат мукофоти лауреати бўлган. 1996 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. 1997 йилдан бери Ўзбекистон Рассомлар академияси аъзоси. 2001 йилда Ўзбекистон халқ рассоми унвонига сазовор бўлган.