Yangiliklar

Халқаро симпозиум матбуот анжумани

Бугун, 9 октябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудинниг 565 йиллигига муносабати билан ўтказиладиган Халқаро симпозиумга бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган улкан маърифий ислоҳотлар жараёнида халқимиз манъавиятини, тарихий қадриятларга асосланган миллий тасвирий ва амалий санъатимизни юксалтириш ва мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтмиш маданий меросимизни яратиб берган атоқли олимлар, донишмандлар, санъаткорлар ҳаёти ва улар қолдирган маънавий меросни чуқур ўрганиш, аввало, халқимизни, ёш авлодни, қолаверса, жаҳон ҳамжамиятини баҳраманд этиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4688-сон Қарори шу йўналишдаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди.

Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини жорий йил октябрь ойида мамлакатимизда кенг нишонлаш билан боғлиқ бўлган ушбу қарор, унинг бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, миллий тасвирий ва амалий санъатимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Камолиддин Беҳзод ўзининг бетакрор гўзал санъати билан нафақат Шарқ халқлари, балки бутун дунё халқлари маданияти тарихида ўчмас из қолдирган, дунё рассомлари ижодига катта ижобий таъсир кўрсатган даҳо ижодкордир. Ўз даврининг буюк рассоми XV аср иккинчи ярми Ҳирот миниатюра мактаби асосчиси сифатида шуҳрат қозонган. Беҳзод ижодидаги ҳаётий мавзулар ва уларнинг моҳирона талқини рассом асарларини жаҳон санъати ноёб дурдоналари сифатида жуда катта маънавий қиймат ва аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

ХV аср Уйғониш даврига Шарқ мутафаккирлари “асри тиллоий”, яъни “олтин аср” дея таъриф берадилар. Камолиддин Беҳзод умуминсоният маданияти тарихида ўчмас из қолдирган “олтин аср” нафосат оламининг Леонардо да Винчи, Микеланжело, Рафаэл каби буюк санъаткорларидан биридир.

Президентимизнинг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан мусаввир бобокалонимиз меросини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Мазкур Қарор қабул қилинганидан кейин ўтган вақт ичида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан қатор ишлар амалга оширилди.

Маълумки, Камолиддин Беҳзоднинг асарлари бугунги кунда АҚШ, Франция, Германия, Миср, Эрон, Россия каби хорижий давлатлар музейларида сақлаб келинмоқда. Буюк мусаввир ва унинг шогирдлари асарлари нусхаларини бир музей фондида тўплаш олдимизга қўйилган муҳим вазифалардан биридир. Бу миллий тасвирий санъатимиз учун жуда катта ютуқ бўлади. Шу муносабат билан Қарор ижроси доирасида “Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу “Йўл харитаси” ижросига масъул Ишчи гуруҳ томонидан айни пайтда белгиланган вазифалар юзасидан қизғин иш олиб борилмоқда.

Шу билан бирга Қарор ижросини таъминлаш ҳамда миниатюра ва халқ амалий санъати соҳаларида миллий меросимизни тиклаш, Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, соҳага кириб келаётган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, улар ижодини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида “Камолиддин Беҳзод издошлари”  миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари Республика ижодий танлови Низоми ишлаб чиқилди.

Мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига бағишлаб жорий йил 14-16 октябрь кунлари пойтахтимизда ўтказиладиган Халқаро симпозиум доирасидан кўргазмавий тадбирлар ўрин олган.

Жумладан, икки кун давомида Бадиий академия тизимидаги Тошкент фотосуратлар уйида Халқаро симпозиум очилиш маросими ҳамда замонавий миниатюра ва ҳаттотлик асарларининг халқаро кўргазмаси, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Шомаҳмуд Муҳаммаджоновнинг шахсий кўргазмаси, Марказий кўргазмалар залида “Камолиддин Беҳзод ва унинг даври” номли рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик асарлари кўргазмаси, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида “Камолиддин Беҳзод издошлари” танлови республика босқичи иштирокчиларининг миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари кўргазмаси бўлиб ўтади.

Халқаро симпозиум ўз ишини “Камолиддин Беҳзод ижоди Шарқ ва Ғарб бадиий маданияти кесимида” мавзуида халқаро илмий-амалий онлайн конференция билан якунлайди.

Бугунги кунда дунё бўйлаб юзага келган эпидемиологик вазият туфайли ушбу халқаро анжуман онлайн тарзда ўтказилмоқда. Онлайн анжуманда дунёнинг  20 дан ортиқ давлатлари ва халқаро ташкилотларидан таниқли санъатшунослар, Шарқ миниатюра санъатининг етакчи мутахассислари, беҳзодшунослар иштирок этиши кутилмоқда.