Yangiliklar

“АСРИ ТИЛЛОИЙ” НОДИРИ

Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига.     

ХV аср Уйғониш даврига Шарқ мутафаккирлари “асри тиллоий”, яъни “олтин аср” дея таъриф берадилар. Камолиддин Беҳзод умуминсоният маданияти тарихида ўчмас из қолдирган, жаҳон маданияти хазинасини ўзининг бебаҳо ва бетакрор асарлари билан бойитган, бутун жаҳон маданияти ва санъати тарихида салмоқли ўрин олган “олтин аср” нафосат оламининг Леонардо да-Винчи, Микеланжело, Рафаэл каби буюк санъаткорларидан биридир.

Аср нодири сехрли мўйқаламининг илк сири шундаки, Устод қўйган ҳар бир ранг ва чизгилар энг аввало, шарқона қуёш ҳарорати билан тўйинган, ҳатто тўқ қорамтир рангларда ҳам поклик, тиниқлик, мусаффоликни ҳис қиламиз, уларни ҳаётийдек туясиз.

Бир боқсангиз ранглар ўйноқилиги, ўзаро мутаносиблиги, тасвирдаги воқеаликларни ҳаракатга келтириб, беиҳтиёр уларга ҳаёт бахш этаётгандек, баъзан  улар руҳиятига сингиб кетасиз, ҳатто тасвир эканлигини унутиб қўйясиз. Бежиз замондош тарихчи мавлоно Хондамир: “У қаламнинг ажойиб маҳорати  ила жонсиз нарсаларга ҳаёт бағишлади”,– дея таъриф бермаган.

Масалан, Буюк Британия музейида сақланаётган Низомийнинг ”Хамса” қўлёзмасига ишланган “Масжид қурилиши”тасвирида зарҳал ҳошияли зарҳал – сарғиш асосга битилган қурувчилар либосларидаги кўк, яшил, қизил, қизғиш жигарранг ва пушти рангларнинг уйғунлиги, воқеалар ҳаракатига оҳангдор, воқеани қизғинлигини, ҳатто қилинаётган меҳнатнинг мехр билан адо этилаётганлигини ифода этади.

Беҳзод иқтидорининг яна бир хусусияти: воқеалик ва тасвирдаги қаҳрамонлр ички руҳиятини энг аввало ранглар орқали очиш, бўёқлар зиммасига улкан ғоявий, фалсафий – рамзий фикрларни ифода этиш вазифасини юклай билиш маҳорати намоён бўлади.

Яна ўша “Хамса”га ишланган “Навфалнинг саҳродаги Мажнун ёнига келиши” асари. Атроф иссиқ, сариқ-зарҳал, пушти ва қизғиш тусда. Ҳайвонот олами: шеру-кийиклар, юмронқозиғу-қуёнлар жуфт-жуфт, лекин кўзларида  мунг, ҳижронда куйиб ёнаётган Мажнунга дардкашдек. Ҳатто ўнг томондан оқаётган ва гулларга тўла чашма суви мажнун қалби каби қоронғу. Фақат Навфал либоси қизил (зўравонлик, ҳукмронлик рамзи) рангда. Қизил рангдаги бу рамзийлик мусавиррнинг энг нодир асарларидан бири Шайбонийхон суратида янада таъсирчан намоён бўлади. Шоҳаншоҳ остидаги қизил гилам тинимсиз урушлар, бегуноҳ тўкилган қонлар рамзининг ифодасидек таъсир этади. Шунингдек суратда сехргар мўйқалам билан хондаги жасурлик, кучли ирода, паҳлавон келбат, ҳатто  зиёлилик жиҳатлари ҳам тўлақон ифода этилган. Тасвирдаги барча нарсалар қаҳрамон шаҳсиятини, ички руҳиятини тўла очиб бериш учун хизмат қилади.

Имонимиз комиилки, Беҳзоднинг бу каби инсон руҳиятини тўлақонли ифодалаган замондошлари суратлари кўп бўлган. Фақатгина шоир ва мутафаккирлардан Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий, тарихчи Абдулло Ҳотифий, ҳукмдорлардан Ҳусайин Бойқаро, Исмоил Сафавий ва  Тахмасб портретларигина бизгача етиб келган.

Мусввирлар пешвоси қобилятидаги нодир жихатларидан яна бири, ғарб тасвирий санъатдаги переспектива руҳиятини миниатюра рисоласи конуниятига амал қилган ҳолда ифодалашда намоён бўлади. Бу борадаги тинимсиз изланишлари, ақл идроки ва нозик ҳис туйғулари самараси ўлароқ шарқ нафис санъатининг қонун қоидасини шу даражада бадиий юксакликка ва мукаммалликка олиб чиқдики, бу улкан кашфиёт сифатида нафақат унинг шогирдлари ёки кейинги минатюра мусаввирларига, балки хозирги кунгача бутун дунё рассомлари учун бир мактаб тариқасида аҳамиятга молик бўлиб келмоқда.

Аср нодирининг мухлисларни ғайратга солиб келувчи ва кейинги авлодларга мактаб бўладиган жиҳатларидан яна бири асар тархини тузишдаги олий тоифа муҳандислиги ҳамда тасвирий воситаларни жойлаштиришдаги, яъни рангтасвир композициясидаги буюк бастакорлигида намоён бўлади.

Устод Беҳзод  аср нодирларидан Шарафиддин Али Яздийнинг ”Зафарнома”,  Жомийнинг ”Соломон ва Ибсол”, Ҳусрав Деҳлавий, Низомиддин Ганжавий ва Алишер Навоийнинг “Хамса”, Саъдийнинг ”Бўстон” ва “Гулистон” каби дурдона асарларига ўнлаб тасвирлар битар экан, барча воқеалар жонли ҳаётий муҳит қўйнида ифодаланади-ки, тасвирдаги ҳар бир қисм: ҳоҳ у рўзғор буюми, ҳоҳ нозик ва нафис  бандлари-ю  гулларигача ифодаланган меъморий нақшлар бўлсин, ҳоҳ у дарахту қушлар ёки миллий либослар бўлсин, қаҳрамонлар ҳолати-ю, руҳий кечинмалари ўзаро уйғун ва мазмундор ранглар оғушида яхлитлик ҳосил қилади.

Асарларда на бир ортиқча ташбеҳ, на бир етишмаслик нуқсонига дуч келамиз. Шоир ёки адибларнинг қўлёзмалари учун ишланган устод Беҳзод рангтасвирлари иллюстрация (матн мазмунини ифодаловчи  тасвир) даражасидан чиқиб, мустақил бир тасвирий санъъат асари сифатида энг аввало, ўша насрий ёки назмий асар мазмунини ҳаётий лавҳалар билан тўлатса, иккинчидан ижодкор даври руҳиятини, тасвирланаётган воқеаликнинг давомийлигини барча кечинмаю зиддиятлари билан тўлақон ифода этади.

Беҳзод наққошлик мактаби ХIХ  аср 2-ярми – ХХ аср ғарб мамлакатларининг турли модернизм оқимидаги тасвирий санъати ривожига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Санъат асарларини ўзгача композициявий тузилишида, рангларни кўришда, ифодалашда, бадиий образли тафаккур қилишда қотиб қолган академизм қобиғидан чиқиб, кенг, эркин ижод сари  янги уфқ очилишида катта аҳамият касб этди. Бу мерос ҳатто хозирги замон рассомлари учун ҳам, келгуси авлод тасвирий санъат аҳли учун ҳам битмас туганмас хазина, маҳорат ва ибрат мактаби сифатида қадрли бўлиб қолаверади.

 

Дилшодбек Юсупов,

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси

Андижон вилояти бўлими бошлиғи, санъатшунос