“Йўл харитаси” тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4688-сон Қарорига мувофиқ жорий йил 14-16 октябрь кунлари юртимизда буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги кенг нишонланади.
Шу муносабат билан Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмитанинг “Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.
“Йўл харитаси” да
– Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарларига оид адабиёт ва манбаларни аниқлаш;
– Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг хорижда сақланаётган намуналари рўйхатини шакллантириш;
– Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарлари сақланаётган хорижий музей ва кутубхоналар билан музокаралар олиб бориш;
– Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб хориждаги асарларнинг асл ёки кўчирма нусхасини олиб келиш сингари вазифалар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгиланди.
“Йўл харитаси”да кўзда тутилган вазифалар Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ҳамда манфаатдор вазирликлар билан биргаликда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.