Ko‘rgazmalar

Ёш мусаввира кўргазмаси

2020 йил 19 июнь куни П. Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаби битирувчиси, ёш рассом Шахризода Қурбонованинг “Йўл” номли илк шахсий кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қурбонова Шахризода Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 103-сонли ихтисослашган мактабни тамомлаган ва ҳозирда П.Беньков номидаги Республика санъат мактабининг “Китоб графикаси” йўналишининг битирувчиси ҳисобланади. Светлана Абдураззоқова, Борий Маҳкамов каби иқтидорли устозлар ва усталар қўлида таҳсил олмоқда.

Шахризода расм чизиш ва санъатга бўлган қизиқиш унда болалигидан бошланган. Бадиий иқтидор уни санъат дунёсига йўналтирган онаси томонидан ўтган. Аввалига у график асарларни ишлади, кейинчалик секин-аста унинг ижодида ранг палитраси пайдо бўла бошлади. Ишларида дунёни ҳиссий, сенсуалистик идрок этиш намоён бўлади. Бунда томошабин идрок этишни тафаккур қилишдан ажратади ва оламга фақатгина идрок орқали қарайди.

Ёш рассом танловларда ҳам бир неча бор иштирок этган. 2017 йил мактабда илк кўргазмасини намойиш этган ва Ўзбекистон болаларининг Республика газетаси “КЛАСС”да ёритилган. Мактаб йилларининг сўнгида “Ораста қизлар” клуби етакчиси ҳамда “Зулфияхоним қизлари” мактаб босқичининг қатнашчиси бўлган.

Кўргазмада тақдим этилаётган асарлар сокинлик ҳисси манбаи бўлиб, янги йўлнинг очилишида илҳом бўлиб келмоқда. Ёш рассом ўз асарларида сизнинг қалбингиз энг олис жойлар ва чексиз макондаги булутлар узра кўтарила оладиган серзавқ бахт дунёсини намоён этади.

26 июнга қадар давом этадиган кўргазмада биз болалик ва хаёлот оламига шўнғиб, ўзгача шабадани ҳис қилишимиз мумкин бўлган 40 дан ортиқ асарлар тақдим этилган.