Ko‘rgazmalar

Талабалар кўргазмаси

Шу йил 3-5 декабрь кунлари Халқаро ногиронлар кунига бағишлаб Камолиддин Беҳзод номидаги шарқ миниатюра санъати музейида ёш истеъдодли рассомлар Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тасвирий санъат факультети 3- босқич талабаси Худойшукур Ражабов  ҳамда  Қўқон давлат педагогика университети, Тасвирий санъат факултети 4-босқич талабаси Лутфулло Қодировнинг  “Санъатнинг мўъжизавий кучи” номли шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди.

Истеъдод – мўъжизалар яратишга қодир. Инсоннинг руҳий иродаси чиниққан бўлса, жисмоний имкониятларнинг чегараланган бўлиши унга орзуларини амалга оширишга тўсиқ бўла олмайди. Муҳими, инсон ўзини ва ўз орзуларини тўғри англаб унга интилиши зарур. Кучли руҳий иродага эга ижодкорлар бугун жисмоний имкониятларидан қатъий назар баланд марраларга интилиб яшамоқдалар. Aна шундай истеъдод эгалари бўлган Ражабов Худойшукур ҳамда Қодиров Лутфулло бугун ўз орзулари сари дадил қадам ташлаб бормоқда.

Ёш истеъдод соҳиблари кўпчилик рассомлардан фарқли ўлароқ жисмоний имкониятининг чекланганлиги туфайли ўз асарларини оёқда яратади. Лекин уларнинг асарларига назар ташлар экансиз, буни бирон жойда ҳис қилмайсиз. Чунки улар асарларини юракдан чизади. Шунинг учун ҳам бу кўргазманинг номи “Санъатнинг мўъжизавий кучи”, деб номланди. Бу кўргазмада намойиш этилаётган асарлар инсоннинг туйғулари ва табиатнинг кўркамлигини ўзида жамлаган яхлит бир образни шакллантирган.

Мазку кўргазма Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида  ташкил этилди.