Японияга сафар уюштирилди
Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти мутахассисларидан иборат делегация ноябрь ойида Японияда бўлиб қайтди.
2015 йилда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Япониянинг Aичи префектураси тасвирий санъат ва мусиқа университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ўтган давр ичида ушбу меморандум доирасида ҳамкорликда қадимий Самарқанд қоғозини ўрганиш ва тайёрлашни қайта тиклаш борасида қатор тадқиқот ишлари олиб борилди. Лойиҳа мазмуни ҳамда тадқиқот доирасида олиб борилган ишлар тўғрисида Япония ва жаҳон санъат намояндаларини, соҳа мутахассисларини Самарқанд қоғози билан кенгроқ таништириш мақсадида Aичи префектураси тасвирий санъат ва мусиқа университетида халқаро конференция ташкил этилди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева “Самарқанд қоғози тадқиқоти, исломий қўлёзмалар ва миниатюралар” номли илмий-амалий семинарда “Камолиддин Беҳзод ва Шарқ миниатюра санъати” мавзусида маъруза қилди.
Ғарбда “Шарқ Рафаэли” деб тан олинган, ўзининг бетакрор ижоди, гўзал санъати билан нафақат Шарқ, балки дунё маданияти тарихида ўчмас из қолдирган забардаст мусаввир Камолиддин Беҳзод ва унинг бой меросига бағишланган мазкур мавзу хорижий иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Маърузачи ва мутахассисларимиз хорижий иштирокчиларнинг китобот, ҳаттотлик, миниатюра санъати ва уларни яратиш технологиялари, хусусан, бой анъаналарга эга миниатюра санъатимиз ва улардаги рамзий маънолар тўғрисида саволларига батафсил жавоб беришди.
Семинарда Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми Шомаҳмуд Муҳаммаджонов ҳам иштирок этди ва “Китобот санъати турлари” мавзуида маъруза қилди.
Илмий-амалий семинардан сўнг бўлиб ўтган ўзаро мулоқотлар доирасида 2020 йилнинг 3-6 март кунлари Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида қўлда тайёрланган қоғоздан яратилган турли санъат асарларининг кўргазмасини ташкил қилиш ҳамда шу йўналишга бағишлаб илмий семинар ўтказиш масалалари келишиб олинди.
Сафар давомида мутахассисларимиз Япониянинг диққатга сазовор жойларида ҳам бўлишмоқда. Жумладан, машҳур қадимий қўлда қоғоз тайёрлаш устахонаси – Эчизен ваши ҳамда Қоғоз музейига саёҳат уюштирилди. Мутахассисларимиз япон қоғозини қўлда тайёрлаш жараёнларини кўздан кечиришди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.