Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи томонидан гўзал санъат турлари тарғиб этилди.
Бугун, 29 август куни соат 11:00 да Ўзбекистон Бадиий Академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Баркамол авлод болалар марказида мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллик байрамига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Биз сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон” номли миниатюра асарларидан ташкил топган кўчма кўргазма ҳамда кўргазма доирасида маҳорат дарслари ташкил этилди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи буюк мусаввир Беҳзод ижодий мероси тарихини ўрганиш ва уларнинг энг яхши намуналарини тарғиб қилиш мақсадида таниқли миниатюрачи рассомларимиз ва хаттотларимизнинг музей фондида сақланаётган ижодий ишларидан кўчма кўргазмалар ҳамда ёш ижодкорлар билан биргаликда миниатюра, хаттотлик, йўналишларидан мақорат дарслари ўтказиб келмоқда.
Миниатюра санъати бўйича ёш рассомлар – Саида Жалилова ва Гулираъно Абдуллаева устозларидан ўрганган санъатнинг ўзига хос хусусиятларини ўзларининг такрорланмас ижоди, гўзал санъатини ва ажойиб маҳорати билан кўргазмага ташриф буюрганларга маҳорат дарслари орқали намойиш этиб беришди.
Махорат дарси жараёнидаги ижодий муҳитда, етук истеъдодлар томонидан яратилган, ўта нозик ва нафис санъат асарлари тадбир иштирокчиларида санъатга ҳавас ва қизиқиш уйғотди.
Миниатюрани яратишдан аввал, мусаввир оддий сув шимдирилган мўйқалам билан хомаки тасвирларни чизди. Тасвир мақбул кўринишга келтирилгандан сўнг қизил ёки қора сиёҳда устидан юритиб чиқилади. Кейинги босқичда тасвирга ранг берилади. Ранг бериш жараёнида мусаввир ҳар бир гул устидан нозиклик билан иш олиб боради.
Ҳаттотлик санъати йўналишида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Баходир Солиев маҳорат дарсларини моҳирона кўрсатди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева бу каби кўчма кўргазмалар ва маҳорат дарсларининг ўтказилиши фуқароларда, айниқса ўсиб келаётган ёш авлод онгида миллий ва умуминсоний қадриятлар, бебаҳо тарихий ва маданий меросга ҳурмат, ғурур ва ифтихор, Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғуларини шакллантиришини таъкидлади.