Yangiliklar

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!”

Ўзбекистон Бадиий академияси Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2018 йил 3 февралдаги ПФ-5326-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, фуқароларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан таништириш мақсадида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш Дастурини амалга оширишга ҳисса қўшиб келаяпти.

Яқинда Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи жамоаси минг-минг йиллик тарихга эга маскан, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирди. Саёҳат, Самарқанддан унча олис бўлмаган Жомбой туманида жойлашган Имом ал-Бухорий мажмуасидан бошланди.

Шундан сўнг, Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари ва тарихий обидаларини, жумладан, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди, Шоҳи-Зинда мажмуаси, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Улуғбек расадхонаси, Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Ҳазрати Хизр масжиди ва бошқа манзилларни зиёрат қилишди.

Саёҳат давомида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов қабрини зиёрат этдилар ва бу улуғ сиймо хақига дуо қилинди.

Музей ходимлари мамлакатимиз довруғини дунёга танитган ушбу шаҳарга саёҳатдан улкан таассуротлар билан Тошкент шаҳрига қайтишди.