“Чинобод” санаториясида кўчма кўргазма ва маҳорат дарслари
13 август куни Ўзбекистон Бадиий Академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи томонидан Тошкент шаҳридаги “Чинобод” санаториясида мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллик байрамига бағишлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Санъат сеҳри” номли миниатюра асарларидан иборат кўчма кўргазма ҳамда кўргазма доирасида миниатюра, кулолчилик, сомон санъати йўналишларида маҳорат дарслари ташкил этилди.
Миниатюра йўналишда маҳорат дарсларини ўтган ёш рассомлар – Саида Жалилова ҳамда Гулираъно Абдуллаева тадбир иштирокчиларига миниатюра асарларини яратиш усулларидан намуналар намойиш этишди. Маълумки, миниатюра – каллиграфия, саҳифаларни зийнатлаш, муқова безаги билан бир қаторда қўлёзманинг асосий мураккаб декоратив унсурларидан бири. Асосий аҳамияти – матн мазмунини тушунтириш, китоботларни безашдан иборат. Миниатюра қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш билан бир қаторда мазкур асарлардаги илғор инсонпарварлик ғоялари, гўзалликга оид тасаввурларни ифодалашга ҳам хизмат қилади. Бугунги кунда юртимизда ёш истеъдодлар устозлар изидан бориб, миниатюра сир-асрорларини ўрганиш баробарида янги асарлар яратишмоқда, миллий санъатимизнинг муҳим қисми ҳисобланган миниатюранинг тикланиши ва ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Томошабинларга кулолчилик сир-асрорларини машҳур кулол, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон халқ устаси Воҳиджон Мамажонов сидқидилдан ўртоқлашди. Айтиш жоизки, кулолчилик Шарқнинг лойдан турфа гўзаллик яратадиган, саховат, эзуглик ғояларини ифодаловчи қадимий санъат турларидан биридир. Усталар турли-туман кулолчилик буюмларини ясашдан ташқари, уларни юксак дид билан безайдилар. XIX асрда Ўрта Осиёда тожик ва ўзбек халқлари ўртасида кулолчилик жуда кенг ривожланиб, кулолчилик марказлари пайдо бўлди. Бугунги кунда Тошкент, Андижон, Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларда кулолчилик мактабларининг ўзига хос ясаш усули, технологияси, нақш композицияси, колорити, динамикаси алоҳида ўрин тутади.
Сомон санъати йўналишида Жасур Жумаев ўз ижодий ишларини намойиш этибгина қолмай, маҳорат дарсларини ҳам ўтиб берди. Сомон санъатида юртимиз ва хориждаги тарихий бинолар, шу билан бир қаторда, ўзбек халқ оғзаки ижодидаги қаҳрамонлар образи тасвирланиши инсонда алоҳида қизиқиш уйғотади.
Мазкур санъат турида асосан, сомон ва ҳар-хил рангдаги бархитлар, елимлардан фойдаланилади. Бу санъат тури оддий туюлса-да, лекин ижод жараёни мураккабдир. Чунки сомон санъати инсондан сабр- тоқат, матонат, юксак дид ва эстетикани талаб қилади. Бугунги кунда бу санъат тури замонавий назар ва дунёқараш билан ҳамоҳанг, янги мавзу ва мазмун касб этиб, ривожланиб бораяпти.
“Чинобод” санаториясида нафақат юртимиз, балки қўшни давлатлардан ҳам келиб, муолажа оладиганлар кўплаб топилади. Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи томонидан энг улуғ, энг азиз байрамимизга бағишлаб миниатюра, кулолчилик ва сомон санъати бўйича ташкил этилган мароқли маҳорат дарслари ва кўчма кўргазма санаториядагиларда катта қизиқиш уйғотди, тасаввурларини бойитди.
“Чинобод” санаториясида маданий тадбирлар бўйича маъсул ходим Вахобжон Жўраев: “Мен бу каби ноёб миниатюра асарлари, кулолчилик буюмлари қай тарзда яратилар экан, деб ўйлардим. Бугун шу жараёнга гувоҳ бўлдим, энг ёқимлиси, маҳорат дарсларида бевосита иштирок этиб, қўлдан келгунча ижод қилдим, у менга эсталик бўлиб қолади. Тўғрисини айтсам, санъат асарини яратишда инсон нозик дид, метиндек сабр-тоқат, иродага эга бўлиш керак экан. Айниқса миниатюра санъати одамдан кенг дунёқараш талаб қилар экан. Битта санъат асарини яратиш учун унинг ортида қанчадан-қанча меҳнат, машаққат борлигини мана, бугун ўз қўлларим билан яратган кичкинагина санъат асаримда юракдан ҳис қилдим. Бугунги маҳорат дарслари орқали ҳам маънан, ҳам руҳан озуқа олдик, деб ишонч билан айтоламан. Бу каби кўргазма ва маҳорат дарслари умрибоқий миллий санъатимизга бўлган қизиқиш, меҳрни кучайтиради, ёш авлодни тарбиялайди”.