Ko‘rgazmalar

Кўчма кўргазма ва маҳорат дарслари ўтказилди

Мамлакатимизда  барча соҳада туб бурилишлар юз бераётган бугунги кунда ислоҳотлар шиддатига мос янги авлодни тарбиялаш Президентимиз томонидан энг муҳим ва долзарб вазифа сифатида   давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борадаги эзгу интилишларнинг устувор йўналишлари эса давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббус замирида аниқ ифдоасини топди.

Фарзандларимизни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатга ошно қилишга қаратилган биринчи ташаббус юксак дид, юксак фаросат соҳибларини тарбиялашга йўналтирилган интилишларни ўзида мужассам этган. Санъат, шубҳасиз, инсонни, борлиқни англашга, унинг бор жозибадорлигини ҳис этишга ўргатади, эзгуликка чорлайди, руҳни озиқлантиради.

26 июль куни Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи томонидан Сирдарё вилояти, Бахт шаҳрида жойлашган Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасида биринчи ташаббус доирасида “Болаларга беринг дунёни” номли  миниатюра ва “Абру” (сувда чизиш бўйича қадимий санъат) санъати асарларидан ташкил топган кўчма кўргазма ҳамда миниатюра ва Абру санъати бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.

Миниатюрачи рассомлар – уста Камол Мирзаев ва Саида Жалилова тасвирий санъатдаги энг ажойиб кўринишлардан бири бўлган миниатюра асарларини яратиш усулларини маҳорат дарслари орқали намойиш этиб беришди. Мўйқалам остида миниатюрачи рассомлар томонидан сопол тарелкаларда ўсимликлар дунёси, ҳайвонот олами ва Шарқ шеърияти намуналари бадиий тасвирлаб берилди.

Кейинги санъат тури – “Абру” бўлиб, у сув юзасида мармар тасвирли қадимий санъати тури ҳисобланади. Бу бир вақтнинг ўзида ҳам мураккаб, ҳам оддий санъатдир, бу ерда сув ижоднинг илк дақиқаларидан энг асосий ёрдамчи бўлиб хизмат қилади. Сув юзасида яратилган расм, қоғоз ёки матога туширилади. “Абру” санъати устаси Насиба Сотволдиева сувда ўйнаётган бўёқлар орқали  қизиқарли санъат асарларини яратди бу эса илк маротаба ўз қўли билан бу каби ноёб  санъат асарини яратган ҳар бир инсон учун мамнуният бахш этишини маҳорат дарслари орқали кўрсатиб берди.

Шунингдек тадбир доирасида эстрада хонандаларини чиқишлари ва Ўзбекистон Давлат цирки томонидан ёшлар учун томошалар намойиш этилди.

Тадбирда иштирок этган  Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева Президентимиз томонидан ёшларимиз таълим-тарбияси учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўзлаб берди, бу каби кўргазма ва маҳорат дарсларини ўтказишдан мақсад ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга, келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг ҳар жиҳатдан  маънавий дунёсини бойитиш, баркамол етук, зукко инсон бўлиб етишишига хизмат қилишини айтиб ўтди.

Тадбир сўнгида маҳорат дарсларида фаол иштирок этган ўқувчилар музей томонидан совға сифатида бадиий асарлар тўпламлари билан тақдирландилар.