Шарқ миниатюра санъатини ўрганиш масалалари хусусида
Ўзбекистонда Шарқ миниатюра санъатини ўрганишда муайян ютуқларга эришилган. Чунки Ўрта Шарқ миниатюрасини ўрганишга бағишланган мавжуд каталоглар, тарихий ва оммабоп альбомлар, қўлёзмалар тўғрисидаги тўплам, махсус тадқиқотлар, миниатюрали қўлёзмалар тўғрисидаги адабиётлар, мақолалар, илмий-оммабоп нашрларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятга эга.
Ушбу мақолада анъанавий йўналишдаги санъатшунослик тадқиқотлари хусусида сўз юритишни мақсад қилиб қўйдик ва уларни учта гуруҳга ажратдик. Биринчиси – эвристика, яъни бирор янгиликни топиб, уни илмий муомалага киритиш. Бу Г.Пугаченкованинг аксарият илмий мақолаларида, Ҳ.Сулаймон чоп этган альбомларда ўз аксини топган.
Мамлакатимизда мумтоз миниатюра ва китобат санъатини ўрганиб, нашр қилиш, уларни дунёнинг нуфузли музей ва кутубхоналаридан қидириб топишда профессор Ҳамид Сулаймоннинг хизмати беқиёсдир. Чунки унинг “Бобурнома” расмлари” ҳамда ҳамда Ф.К.Сулаймонова билан ҳамкорликда чиқарган “Алишер Навоий асарларига ишланган расмлар. XV-XIX асрлар” ва “Амир Ҳусрав Деҳлавий асарларига ишланган расмлар” альбомларини кенг жамоатчилик қизғин кутиб олган. Айни альбомлар юксак савияда чоп этилган.
“Алишер Навоий асарларига ишланган расмлар. XV-XIX асрлар” китобида буюк шоир асарларининг XV-XVII, XIX асрларда кўчирилган 35 та ноёб қўлёзмасига ишланган зийнатлар ва 114 та расм юқори матбаа савиясида чоп этилган. Уларнинг аксарияти биринчи марта илмий муомалага киритилган. Китобдаги мақолада Алишер Навоий асарларининг тасвирий санъат тараққиётидаги ўрнига баҳо берилган (7-36-бетлар, учта тилда).
Альбомнинг расмлар қисмидан 285 та ноёб қўлёзманинг муқовалари, миниатюралари ва шамс, унвон, лавҳа ва хотима намуналари ўрин олган. Ҳар бир қўлёзма тўғрисида алоҳида саҳифада ихчам маълумот берилиб, унда асар номи, яратилган шаҳар номи, санаси, хаттотнинг исми, шарифи, ҳозирги пайтда қўлёзма қаерда сақланаётгани, кутубхона номи, тартиб рақами ва ўлчами қайд қилинган. Китоб охиридаги расмлар рўйхатида расм ёки зийнат номи уч тилда ёзилган. Аммо мазкур альбомда қўлёзма муқоваси, унга ишланган зийнатлар ва расмлар санъатшунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилинмаган.
“Амир Ҳусрав Деҳлавий асарларига ишланган расмлар” 1983 йил чоп этилган. Китоб аввалида икки муаллиф томонидан ёзилган мақола, нашр охирида эса 117 та расм ва улар ҳақида маълумот берилан. Альбомда қўлёзма ва расмлар рўйхати (128-132-бетлар) берилиб, ўзбек, рус ва инглиз тилида асар номи,у сақланаётган жой, тартиб рақами, қўлёзма кўчирилган вақт, қўлёзма ўлчами, унга ишланган миниатюра номи, қайси асар ёки достонга ишлангани, қўлёзманинг қайси варағига жойлашгани маълум қилинган. Қўлёзма зийнатлар, яъни ундаги муқова, шамс, лавҳа ва унвон намуналари рўйхати алоҳида келтирилган.
Анъанавий санъатшуносликдаги тадқиқотларнинг иккинчи гуруҳига альбомлар мансуб бўлиб, унда санъатни оммага кенг тарғиб этиш асосий мақсад этиб қўйилади. Б.Дейнекенинг “Живопись Ирана”, Б.Веймарннинг “Искусство арабских стран”, Л.Ремпелнинг “История искусства Узбекистана”, М. Ашрафий, К.Керимов, Е.Поляковалар нашр қилдирган альбомлар санъатшуносликдаги шундай тадқиқотлар сирасига киради.
Ярим аср аввал Марказий Осиё маданияти тадқиқотчилари Г.Пугаченкова ва Л.Ремпель ўз китобларидан биридаги кириш сўзида Ўзбекистон ҳудудидаги ноёб қадимий санъат асарларининг аксраияти маҳаллий ва хорижий музейлар омборларида сочилиб ётгани, уларни жамлаб нашр этиш фақат келажакда амалга ошиши мумкинлигини ёзишган. Машҳур олимлар орзу қилган ана шу вақт етиб келди. Улкан лойиҳа – “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” биринчи жилди нашрдан чиққанига бугун гувоҳ бўлиб турибмиз”, – дейди Россия давлат Третьяков галереяси бош директори З.И.Трегулова.
Кейинги туркумга Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ф.Абдуҳолиқов лойиҳаси асосида ташкил этилган “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” альбом-каталогини, “Ўзбекистон маданий мероси” муаллифлик туркумидаги “Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти тўплами” номи остидаги уч тил ( ўзбек, рус ва инглиз)да нашр этилган бир неча жилдлик китоб-альбомнинг VII жилдини киритиш мумкин…
Асалхон Рахматуллаева, санъатшунос
Манба: “San’at” журнали.
Журналнинг 2-сони (2019 й.)да
мақолани тўлиқ ўқишингиз мумкин.