Yangiliklar

Ёш рассом Фотима Хусенованинг шахсий кўргазмаси

15 июнь куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида ёш рассом Фотима Хусенованинг “Мусиқа ичра олам” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Фотима Хусенова 1998 йилда Самарқандда таваллуд топган. Ислом Каримов номидаги 21-сонли ўрта мактабни тамомлаган. 2014-2017 йилларда А.Хўжаев номидаги Республика Дизайн коллежида таҳсил олган. Ҳозирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида маҳобатли рангтасвир йўналишининг иккинчи босқичида Алишер Алиқулов, Содиқ Раҳмонов, Козим Умрзоқов каби иқтидорли устозлар ва усталар қўлида таълим олмоқда. Бир неча бор танловларда иштирок этган ва совринли ўринлар, диплом ҳамда сертификатларга эга бўлган.

 

Фотима ушбу илк шахсий кўргазмасида бўёқлар орқали куйнинг ўз палитраси мавжудлиги ва мусиқавий оҳанглар инсонда ранг билан уйғун ҳолат уйғота олишини акс эттиради.

Экспозициядан ўрин олган асарлар мусиқа ва рангларнинг уйғунлигини намоён этади. Людвиг ван Бетховен мусиқасига ишланган “Ой сонатаси”, Франц Шубертнинг “Оқшом серенадаси”, Фридерик Шопеннинг “Ноктюрн”, Петр Чайковскийнинг “Оқ қуш кўли”, Пол Морионинг “Севги тарихи”га бағишлаб яратилган асарларида оҳанг билан рангларнинг ўзига хос кўринишларини тасвирлаган. Мисол учун, “Ижод гулхани” асарига қараб, томошабин ўзини мумтоз мусиқа оҳанглари остида балет ҳаракатларини бажараётгандек ҳис этади.

25 июнга қадар давом этадиган мазкур кўргазмада 40 дан ортиқ ишлар намойиш қилинмоқда, уларни томоша қила туриб, матодаги совуқ ёки илиқ ранглардан қатъий назар қалбингизда куй жаранг сочгандек туюлади.