Устоз ва шогирдлар кўргазмаси
Шу йилнинг 8-12 июнь кунлари Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, график-рассом Борий Махкамов ва шогирдлари – П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаби талабалари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Устоз, энг аввало, билимлар дунёқарашини ифодалайди, у илҳом билан йўғрилган келажак йўлимизни ёритади. У шогирдларига намуна эмас, балки ўзига хос маёқ ролини ижро этувчи йўл бошловчи бўлиб хизмат қилади ва керакли вақтда ҳар бир шогирдига тўғри йўлни кўрсата олади. Рассом Борий Маҳкамов педагог сифатида болаларни гўзаллик дунёсига ошуфта қила олди.
Борий Маҳкамов 1960 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топди. 1975 йилдан 1979 йилга қадар Тошкентдаги П.Беньков номидаги санъат билим юртида таҳсил олди. Билим юртини тугатгач, Тошкент санъат ва маданият институтига қабул қилинди. 2003 йилдан бошлаб П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактабида дарс бера бошлайди. У Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, кўплаб кўргазмалар иштирокчиси ҳамдир. Рассом А.Абдуазимованинг “Севилганда”, А.Пулканнинг “Оҳанг”, О.Хамроқуловнинг “Зангори дарё” каби асарларига иллюстрациялар ишлаган.
Экспозициядан ўрин олган ижодкор асарлари ўзидаги сокинлик ва осойишталиги билан ажралиб туради. Табиатдаги сукунат ва ҳамоҳанглик билан тўйинган “Ўсимликларнинг ажойиб дунёси”, “Табиат инъоми”, “Кўл бўйида”, “Оққушлар”, “Сув бўйида” каби асарлари ўзига хос кўриниш касб этади.
Рассомнинг шогирдлари П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаби талабаларидир. Устозларининг раҳбарлиги остида ёш ижодкорлар ўз асарларига янгилик олиб кириш билан бир қаторда, янги шаклларга таянган анъаналарни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқдалар.
Кўргазмада 90 дан ортиқ ижод намуналари намойиш этилди. Асарларда устоз кўмагида янги ижодкорлар авлодининг шаклланаётганлиги ва тасвирий санъатдаги анъаналарнинг давомийлик руҳияти сезилиб турди.