Yangiliklar

Чингиз Аҳмаров ва шогирдининг шахсий кўргазмаси

23 апрель – анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг иккинчи кунида Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Чингиз Аҳмаров ва унинг шогирди Содиқ Раҳмоновнинг “Мўйқалам ила ёзилган назм” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Давлат мукофоти лауреати, профессор, буюк рассом Чингиз Аҳмаров ва унинг шогирди, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рассом Содиқ Раҳмонов ижодида ўзаро уйғунлик мавжуд. Буни уларнинг асарларидаги шарқона колорит анъаналарини бериш орқали тарихни романтик тарзда ҳис этишда кўриш мумкин. Чингиз Аҳмаров анъаналарини давом эттириб, уни эслаб, қадрлаган ҳолда Содиқ Раҳмонов ижоди гўёки ўтмиш ва ҳозирги замонни боғлаб турувчи кўприк вазифасини ўтамоқда. Кўргазма экспозициясидан унинг мусиқа ва назмга мурожаат қилган ҳолда яратган “Лазги”, “Ноғора чалаётган бола” каби асарлари ўрин олган. Ўтмишнинг буюк шоирлари ва мусаввирлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро”, “Камолиддин Беҳзод”, “Алишер Навоий ва гўзал қизлар” асарлари алоҳида аҳамият касб этади. Албатта Она Ватан мавзуси акс этган ижод намуналари рассомнинг матоларида шеърият каби акс этиб туради.
Халқимиз тарихининг кўп асрлик анъаналарини ўзида мужассам этган 70 дан ортиқ санъат асарлари ўрин олган мазкур кўргазма шу йил 12 майгача давом этади.