Фестиваль доирасида ижодий танлов ғолиблари тақдирланди
“Камолиддин Беҳзод издошлари” Республика ижодий танлови – 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Академияси тасарруфидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари ўқувчилари орасидан иқтидорлиларини аниқлаш, ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, тасвирий ва амалий санъат ривожига ҳисса қўшадиган ижодкорлар авлодини тарбиялаш мақсадида ташкил этилган. “Камолиддин Беҳзод издошлари” Республика ижодий танлови 2 босқичдан иборат бўлиб, бир йилда икки марта – 6-8 ҳамда 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади.
“Тасвирий ва амалий санъат фестивали” доирасида ўтказиладиган мазкур танловда Бадиий Академия тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Сирдарё, Фарғона вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати, П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби, Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби “Тасвирий санъат (турлари бўйича)” йўналишида таҳсил олаётган 6-8 синф ўқувчилари иштироқ этмоқда. Танловнинг биринчи босқичи ҳар бир таълим муассасасида ўтказилган бўлиб, ғолиб деб топилганларнинг ижодий асарлари якуний босқичга тавсия этилган.
Танлов “Ватан менинг нигоҳимда”, “Мен ўқиган китоб” мавзуларида ўтказилди, якуний босқичга 120 га яқин тасвирий санъат (турлари бўйича) асарларини тақдим этилди.
Танловнинг якуний босқичи ғолибларни аниқлаш учун таниқли рассомлар, санъатшунослар, бадиий таълимнинг етакчи педагоглари ва ижодкорлардан иборат махсус ҳайъат тузилган. Кўргазма намойишига қадар ҳайъат томонидан “Ватан менинг нигоҳимда”, “Мен ўқиган китоб” номинациялари бўйича I, II, III ва рағбатлантирувчи ўрин соҳиблари аниқланди.
23 апрель куни Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Кўргазма иштирокчиларининг ҳар бирига Танлов сертификатлари топширилди.
Танловда иштирок этган ёш рассомлар “Ватан менинг нигоҳимда”, “Мен ўқиган китоб” мавзуларида, нафақат атрофдаги гўзалликдан илҳомланиб, балки, сўз санъати орқали ифода этилган дунёнинг гўзаллигини шакл ва рангларда ифода этганлар.
Кўргазмада ёш ижодкорларнинг 120 га яқин рангтасвир, миниатюра, графика ва ҳайкалтарошлик асарлари намойиш этилмоқда.