Аждодларни мадҳ этиб…
1 март куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат мукофоти соҳиби, рассом Тойир Болтабоевнинг “Аждодлар мадҳи” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Рассом 1959 йил 6 августда Тошкент шаҳрида ўқитувчи оиласида таваллуд топган. 1972 йилдан Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров устахонасида сабоқ олган. 1975 йилда П.П.Беньков номли Республика рассомлик билим юртининг Бадиий безак бўлимига ўқишга киради ва устозлари Медат Кагаров ҳамда Марат Содиқовлар қўлида таҳсил олади. Кейинчалик 1981-1985 йилларда Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика университети рангтасвир мутахассислиги бўйича кечки бўлимда, Ўзбекистон халқ рассоми Малик Набиев устозлигида таҳсил олади.
Рассомнинг ижодий фаолияти 1982 йили “Усто” бирлашмаси қошида ташкил қилинган миниатюра тажриба устахонасидан бошланади. Устахонада у Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров, Шомаҳмуд Муҳаммаджоновлардан мусаввирлик санъатини ўрганади. 1988 йилда Россиядаги “Палех” миниатюра устахонасида рассом Н.Голиковдан ҳам сабоқ олади.
1983 йилдан бошлаб ижодкор ўзининг халқ амалий санъати ва ижодий ишлари билан Республика ва xорижий, жумладан, Россия, Венгрия, Польша, Шри-Ланка, Покистон, Малайзия, Ҳиндистон, Дания, Франция, Германия, АҚШ сингари мамлакатларда ўтказиладиган кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда.
1986 йили Т.Болтабоев устози Чингиз Аҳмаров тавсияси билан Ғайрат Камолов, Хуршид Назировлар билан бирлашиб “Санойи нафиса” ижодий гуруҳини ташкил этади.
1986 йилдан бошлаб ўз ижодий фаолияти давомида ўнлаб деворий асарларни яратган. Ушбу маҳобатли асарлардан Темурийлар тарихи Давлат музейи, Олий Мажлис биноси, махсус қоғоз ишлаб чиқариш зарбхонаси биноси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қабуллар уйи”, ҳорижий меҳмонлар учун Марказий (Шератон) меҳмонхонаси, Янги Ангрен маданият саройи, Олмалиқ шаҳри оромгоҳи биноси, Париждаги Ўзбекистон элчихонаси биноси, Исломобод халқ санъати музейи биноси ва бошқалар алоҳида аҳамиятга эга.
Шунингдек, Т.Болтабоев, 1998 йил “Алпомиш” достони ва 2001 йил Алишер Навоийнинг “Хамса” асари асосида чизилган 6 донадан иборат Ўзбекистон маркалари муаллифи. 2003 йили Америкада нашр этилган Алишер Навоийнинг “Лисон-ут тайр” асарига ишланган 18 та иллюстрациялар муаллифи.
Aждодлар хотираси – ўтмиш ва келажакни боғлаб турувчи кўприк эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Тойир Болтабоевнинг асарларида тарихий мавзулар асосий ўринни эгаллаган бўлиб, уларда чуқур маъноли ғоялар акс эттирилган. Ушбу асарларни томоша қила туриб, томошабин беихтиёр аждодларимиз яшаб ўтган даврни кўз олдига келтира олади. Тойир Болтабоев ўз ижодий фаолияти давомида мана шундай ғояга таянган ҳолда аждодларимиз тарихини мадҳ этувчи жуда кўплаб асарларни яратиб келмоқда.
1985 йил Т. Болтабоев Ўзбекистон рассомлар уюшмаси, фахрий ёрлиқлари, 1995 йил ЮНЕСКО ва БМТнинг “Халқаро уста” гувоҳномаси, 2002 йил Ўзбекистон Бадиий Академияси дипломи билан тақдирланган. 1997 йил Покистонда халқаро Гранд фестиваль ғолиби бўлган. Самарали ижодий фаолияти учун 1997 йил Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат мукофоти совриндори, 2011 йил – “Шон-шараф” II даражали медали (Россия), 2014 йил “Муваффақият ва ютуқлар учун” медали (Қозоғистон) билан такдирланган. 1988 йилдан Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси.
Бугунги кўргазмадан рассомнинг 70 дан ортиқ миниатюра, маҳобатли рангтасвир асарларидан намуналар, ҳамда фото асарлари ўрин олган бўлиб, уларда тарихий шахсларнинг тасвири алоҳида ўринни эгаллайди.
Кўргазма 15 мартга қадар давом этади.