МИР АЛИШЕР НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ
7 февраль куни Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, академик Саъдулла Абдуллаевнинг шу номли шахсий кўргазмаси очилди. Алишер Навоий буюк шоир, мутафаккир, ўзбек адабий тили ва адабиётининг асосчиси ва давлат арбоби сифатида ўз даври ижтимоий-маданий ҳаёти, хусусан, тасвирий санъат ривожига катта ҳисса қўшган. Бу давр илм-фан, маданият, жумладан, меъморлик, хаттотлик ва китобат санъати равнақ топган замон сифатида жаҳон тамаддунидан ўрин олган.
Алишер Навоий нафақат шоир, давлат арбоби, балки адабиёт назариётчиси, мусаввир, мусиқачи, тарихчи, хаттот ҳам бўлган. Бир неча санъат турларининг билимдони эканлиги достонларининг умумий ғоявий-бадиий мазмунига сингдирилган ҳолда, асарда юз берувчи воқеалар билан уйғунликда бадиий услубда акс этган.
Кўплаб ижодкорларнинг жумладан, ҳаётлик давридаёқ катта шуҳрат қозониб, “аср нодири”, “мусаввирлар пешвоси” дея эъзозланган устод Камолиддин Беҳзод ва бир қанча санъаткорларнинг камол топишида шоирнинг ҳиссаси беқиёс.
Маълумки, бир неча юз йиллар давомида олимлар ва ижодкорлар учун Алишер Навоий шахси ва унинг ижодий мероси туганмас илҳом манбаи бўлиб келмоқда.
Буюк мутафаккир таваллудининг 578 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган кўргазма, унинг ижодини чуқур ўрганиб, асарлари ғояларининг туб моҳиятини англаган ҳолда, ижодий фаолияти давомида ҳазрат Алишер Навоийга эҳтиромини қайта-қайта изҳор этаётган серқирра ижодкор, Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, профессор Саъдулла Абдуллаевнинг шоир шахси ва ижодий қаҳрамонларига бағишланган туркум асарларидан ташкил топган.
Саъдулла Абдуллаев ижодида Алишер Навоий мавзуси муҳим ўрин тутади. Рассомнинг илк ижодий асарлари, 1966 йил П.П.Беньков номидаги Рассомлик билим юрти диплом иши ҳам Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонига бағишланган эди. Кейинчалик, Санкт -Петербургнинг И.Репин номидаги Рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва меъморлик институти “Театр безаги декорацияси” бўлими Битирув диплом ишида ҳам шу мавзуни давом эттириб, “Лайли ва Мажнун” балет постановкаси саҳна безаги эскизлари бадиий ечимига бағишланган асарларни яратади.
С.Абдуллаев, Алишер Навоий ижодининг нафақат мухлиси, қайсидир маънода тадқиқотчиси ҳамдир. Бу унинг асарларида ҳамда педагогик фаолиятида акс этади. 1990 йилларга келиб, “Навоий ва Ҳусайн бойқаро Ҳиротда” (1991), “Алишер Навоий Самарқандда” (1992), “Ҳирот оқшомлари” триптихи (1995), “Ўзбек Ренессанси” триптихи серияси – “Амир Темурнинг бунёдкорлик ишлари” (1997-98) – “Самарқанд билан хайрлашув”, “Осмонинг беғубор бўлсин Туркистон” (1998), Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган “Фарғона хаёли”, “Зебунисо”туркум асарлари дунёга келди.
2000 йиллардан Саъдулла Абдуллаев ушбу мавзуни давом эттириб, бир қанча катта ўлчамдаги полотноларни яратди. “Ҳирот тонги” (2000), “Келгил эй ёр” (2006), “Ғазал мулкининг султони” (2015), “Дил аҳли. Абдураҳмон Жомий Самарқандликлар даврасида” (2015-17), “Амир Темур мақбараси зиёрати. Алишер Навоий ва Абулайс Самарқандий” (2019) каби асарлари шулар жумласидандир.
Рассом тасвирий санъатнинг турли йўналишларида ва турли мавзуларда асарлар яратса-да, уни ички бир туйғу мумтоз мавзуга, миллий маданият ва бадииятимиз юксак ривожланишига ҳисса қўшган тарихий шахслар ва буюк ижодкорларнинг шахси ҳамда асарлари қаҳрамонларини яратишга ундайверади.
Саъдулла Абдуллаевнинг асарлари Ўзбекистон Давлат санъат музейи, БКД фонди, Швейцария, Финляндия, Литва, Россия, Эрон, Қозоғистон галереялари фонди ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда.
Экспозициядан рассомнинг ҳазрат Алишер Навоий шахси ва унинг асарлари қаҳрамонларига бағишланган 20 дан ортиқ асарлари ўрин олган.
Кўргазма шу йилнинг 24 февралига қадар давом этади.