“Тошкент қувончлари” VII халқаро болалар расмлари биенналеси матбуот анжумани бўлиб ўтди
Бола дунёси ўзгача, шу боис ҳам беғубор, оппоқ тилаклар билан чизилган расмларда она–табиат, болалик дунёси, қувонч ва табассум, оилага бўлган меҳр, чарақлаган қуёш, ажойиб манзаралар болаларнинг биз яшаб турган дунёни қандай кўриши, уларга муносабатини билдиради. Бугунги кунда қилинаётган барча ишлар фарзандларимизнинг бахту саодати, уларнинг ёруғ келажаги учун амалга оширилмоқда. Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, она Ватанга садоқат руҳида тарбияланаётган фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир.
Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган мазкур тадбирда таъкидланганидек, 29 та хорижий мамлакат ва юртимиз болалари ижодини Тошкентда жамлаган VII халқаро болалар расмлари биенналеси дунё болалари дўстлигини янада жипслаштиришга ҳам хизмат қилади.
2004 йилдан бери ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган “Тошкент қувончлари” VII халқаро болалар расмлари биенналесида иштирокчи давлатлар сони йилдан– йилга ортиб бориши ва қатнашаётган ишларнинг савияси ушбу танловнинг болалар ҳаётида муҳимлигини исботлайди.
— “Тошкент қувончлари” VII халқаро болалар расмлари биенналесини ўтказишдан асосий мақсад – янги иқтидорларни излаб топиш, Ўзбекистон болаларини дунёдаги тенгдошлари ижоди билан яқиндан таништириш, уларнинг дўстлигини мустаҳкамлаш, қолаверса, жаҳон тарихи ва маданиятига қизиқишини янада оширишдир, — деди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуридинов.
Танловга 5 ёшдан 15 ёшгача ижодкор болаларнинг тўрт мингдан ортиқ расмлар қабул қилинди, улардан 1000 га яқини ўзбекистонлик, қолгани эса чет мамлакатлар болалар ишларидир.
Айтиб ўтиш жоизки, болалар ишлари 3 гуруҳга, яъни 5 ёшдан 7 ёшгача, 8 ёшдан 12 ёшгача ва 13 ёшдан 15 ёшгача ажратилиб, баҳоланади.
“Тошкент қувончлари” VII – Халқаро болалар расмлари Биенналеси ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар қўйилган: 1 та Гран–при, 7 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза медаллари. Иштирокчиларга эса сертификатлар тақдим этилади.
Албатта, 4 мингдан зиёд ишларни баҳолаш осон эмас. Шу боис ҳам ҳайъат аъзолари республикамизнинг энг таниқли рассомларидан таркиб топган.
Мамлакатимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”га бағишланган бу йилги “Тошкент қувончлари” VII халқаро болалар расмлари биенналеси ҳам юқори кайфиятда бўлиб ўтади. Биеннале давомида ёш иштирокчиларнинг юртимизнинг таниқли рассом ва ижодкорлари билан мулоқотда бўлишига, рассомчилик санъати сирларини ўрганишига ва ушбу санъат турига қизиқишининг ортишига туртки бўлади.
Маълумот учун:
Ташкилотчилар: Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ҳамда республикамизнинг бошқа вазирлик ва идоралари.
Ўтказиладиган жой: Ёшлар ижод саройи, 1-қават
Очилиш ва ғолибларни тақдирлаш вақти: 2018 йил 24 декабрь соат 15:00