Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
21 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси анжуманлар залида “Марказий Осиё китобат санъати ва миниатюраси” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева илмий-амалий конференцияни очиб берди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи томонидан “Ўзбекистон миниатюра санъати: генезиси, эволюцион жараён ва истиқболи” фундаментал лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур конференцияда ҳам музейда намойиш этилаётган XIV – XVI аср Самарқанд, Бухоро миниатюра мактбалари намуналари бўйича олиб борилган илмий-тадқиқотлар ҳақида сўз борди.
Жаҳон маданиятидан муносиб ўрин олган, Шарқ халқларининг муштарак бадиий мероси ҳисобланадиган миниатюралар китобот санъатининг таркибий қисми бўлиб, улар қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш баробарида, мазкур асарлардаги илғор инсонпарварлик ғояларини, эзгу интилиш ҳиссини, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалашга ҳам хизмат қилган. Қадимий қўлёзмаларга чизилган миниатюралар – мўъжаз суратлар, китоб зийнатларининг нақшинкор хусусиятига эга, улар яратилган давр ижодкорлари дунёқараши, кишиларнинг маданияти, тафаккур тарзи билан бевосита боғлиқдир.
Турли санъаткорлар – хаттот, мусаввир, музаҳҳиб, муқовасоз, жадвалкаш ва бошқаларнинг ижодий ҳамкорлигида яратилган нодир қўлёзмалар ўша давр ижтимоий-маданий ҳаётини, бадиий-эстетик қарашларни ўрганишда қимматли манбадир. Яқин ва Ўрта Шарқдаги илм-фан ва маданий марказлари бўлмиш Бағдод, Табриз, Самарқанд, Бухоро, Ҳирот, Шероз каби шаҳарларда X-XIX асрларда фаолият кўрсатган миниатюра мактаблари даврнинг ижтимоий-маданий ҳаётида муҳим рол ўйнаган.
Шу йилнинг сентябрь ойида Туркия Республикасининг Истанбул шаҳридаги Тўпқопи саройи, Турк ва Ислом асарлари музейлари фондида сақланаётган Алишер Навоий портрети ҳамда 18 та қўлёзмага ишланган миниатюра ва безаклар нусхасининг беғараз совға қилинганлиги музей фондини XIV – XVI аср китобат санъати дурдоналари билан бойитди. Улар энди илмий-тақиқот нуқтаи назаридан бебаҳо манбага эга бўлди.
Конференцияда миниатюра санъатини ўрганишнинг илмий-назарий аспектлари, тарихий манбаларда китобат санъати ва миниатюра ҳақида, Шарқ мумтоз адабиёти ва миниатюра санъати, хаттотлик санъати, тасаввуф ғоялари ва унинг миниатюрада акс этиши, миниатюра – ўрта асрлар меъморчилиги ва амалий санъатини ўрганиш манбаси сифатида, музейларда миниатюра асарларини сақлаш ва уларни намойиш этиш муаммолари масалалари муҳокамаси назарда тутилган бўлиб, ўзаро фикр алмашиш, аждодларимизнинг бой маънавий меросидан янада кўпроқ баҳраманд бўлиш ва энг асосийси, ёш ижодкорлар, тадқиқотчиларни изланишга, муттасил меҳнат қилишга рағатлантириш билан муҳим аҳамият касб этади.
Конференцияда таъкидланганидек, “Марказий Осиё китобат санъати ва миниатюраси” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси материаллари тўпламига киритилган мақолаларда баён қилинган мулоҳазалар ва улар асосида чиқарилган теран илмий хулосалар миниатюра санъатини янада кенг тарғиб қилиш ва ёшларимизнинг изланишларини қўллаб-қувватлашга ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилади ҳамда ёш мусаввирлар учун илҳом, ёш тадқиқотчилар учун эса зарур илмий-назарий манба бўлиб хизмат қилади.