Ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маданий-маърифий алоқалар тобора равнақ топиб бораяпти.
Шу йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейининг бир гуруҳ ходимлари Туркияга ташриф буюрди. Мазкур илмий-ижодий гуруҳ Истанбул шаҳрида жойлашган Тўпқопи саройи музейи кутубхонаси ҳамда Турк ва Ислом асарлари музейида бўлиб, улар фондида сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш,тадқиқ этиш имконига эга бўлдилар. Илмий тадқиқот натижасида 170 дан ортиқ Шарқ китобот санъати намуналари нусхаси Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейига тақдим этилди.
Шу кунларда Камолиддин Беҳзод Шарқ миниатюра санъати музейида давом этаётган “Шарқ китобот санъати дурдоналари” номли кўргазмада айнан Тўпқопи саройи музейи кутубхонаси ҳамда Турк ва Ислом асарлари музейи фондларида сақланаётган китобот санъатининг ноёб дурдоналарининг факсимели нусхаларидан баҳра олиш имконияти яратилган.
Таъкидлаш жоизки,шу йилнинг сентябрь ойида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати ва Тўпқопи саройи музейи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Турк ва Ислом санъати музейи ўртасида музейлараро ҳамкорлик битими имзоланди.
Ушбу ҳамкорлик битими ҳамда кўргазма мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларнинг амалий ифодасидир.