Yangiliklar

ШАРҚ КИТОБОТ САНЪАТИ ДУРДОНАЛАРИ

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ходимларидан иборат илмий-ижодий гуруҳ шу йилнинг апрель ойида ноёб, ўзининг ранг-баранглиги билан бугунги кунда ҳам барчани ҳайратга солаётган, дунёнинг турли музейларида сақланаётган китобот санъати дурдоналарини ўрганиш, тўплаш ва санъатга ихлосманд юртдошларимиз эътиборига ҳаволаш этиш мақсадида музей Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Тўпқопи саройи музейи кутубхонаси ҳамда Турк ва Ислом асарлари музейи фондларида сақланаётган қўлёзмаларни ўрганди. Тадқиқот натижасида 170 дан ортиқ Шарқ китобот санъати намуналари  нусхаси Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейига  тақдим этилди.

18 сентябрь куни Камолиддин Беҳзод Шарқ миниатюра санъати музейида очилган “Шарқ китобот санъати дурдоналари” номли кўргазмада  Тўпқопи саройи музейи кутубхонаси ҳамда Турк ва Ислом асарлари музейи фондларида сақланаётган китобот санъатининг ноёб дурдоналарининг факсимели нусхалари намойишга қўйилди. Кўргазмада ушбу нодир коллекциянинг кичик бир қисми, жумладан, Камолидин Беҳзоднинг шогирди Маҳмуд Музаххиб асарлари, Ҳофиз Абру, Фирдавсий, Низомий, Саъдий асарларининг ноёб қўлёзмаларига ишланган миниатюралар, китобот санъатининг дурдоналари ўрин олган.

IMG_7056 IMG_7139

Мазкур кўргазманинг очилиш маросимидан аввал Ўзбекистон Бадиий академиясининг Анжуманлар залида бўлиб ўтган тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати ва  Тўпқопи саройи музейи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Турк ва Ислом санъати музейи ўртасида музейлараро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу тадбирда сўз олган Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари К.Оқилова, Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар тобора равнақ топиб бораётганини, мазкур кўргазма ҳам унинг амалий ифодаси эканини таъкидлади.

IMG_7029

Маълумки, қўлёзма китоблар билан боғлиқ бўлган мўъжаз расм – миниатюралар Ўрта ва Яқин Шарқ мумтоз адабиёти – ғазаллар тўплами, тарихий солномалар ва бошқа соҳаларга оид қўлёзмаларни зийнатлаб турган.

Эрон (Шероз, Язд, Қазвин, Машҳад, Исфахон), Хуросон (Ҳирот), Озарбайжон (Табриз), Араб Шарқи (Ироқ, Миср, Сурия), Усмонлилар Туркияси, Ҳиндистон ва Марказий Осиё (Мовароуннаҳр) сингари кўплаб маданий марказларда миниатюра рангтасвири кенг тарқалган бўлиб, китобот санъати моҳир усталари орасида асрлар давомида Абулқосим Фирдавсий (940-1020), Низомий Ганжавий (1141-1501), Саъдий Шерозий (1270-1291), Хусрав Деҳлавий (1253-1325), Абдураҳмон Жомий (1414-1492), Алишер Навоий (1441-1501) асарлари маълум ва машҳур бўлган.

IMG_7026

Миниатюра санъатининг энг юксак ривожланган даври XV аср охирги чораги ва ундан кейинги давр беназир мусаввир Камолиддин Беҳзод (1455 – 1535 йиллар атрофи) номи билан узвий боғлиқ. Ўз даврида “Аср нодири” деб улуғланган, буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг услуби кейинги давр мусаввирлари ижодига, Эрон, Марказий Осиё, Ҳиндистон ва Туркиянинг  шарқ миниатюра рангтасвири мактабларига самарали таъсир кўрсатган.

IMG_7307Бадиий безатилган қўлёзма китоблар, ҳаттотлик намуналари, саҳифаларни бадиий безатиш санъати, муқовалаш санъати ва китобнинг асосий безаги ҳисобланмиш – атоқли усталар ва машҳур миниатюра мактабларига тегишли миниатюраларни йиғиш, тадқиқ қилиш ва яқиндан танишув Шарқда мероси, анъаналари сақланаётган ва ривожланаётган ушбу нафис ва мураккаб санъат турини чуқурроқ англашга ёрдам беради.

Тўпқопи саройи музейи кутубхонасида нодир ва ноёб ҳисобланган Шарқ қўлёзмалари сақланади, уларнинг аксарияти китобот ва миниатюра санъатининг нафис ва бетакрор намуналари билан безатилган ҳамда дунё маданий меросининг хазинасидан жой олган.

Кўргазмада Алишер Навоий портрети, Низомий “Хамса”си, Жомий асарлари, Девонлар, “Хумайи ва Хумоюн” асари, Ҳофиз Абру куллиётига ишланган миниатюралар, шамс, зарварақ, унвон ва жилдларнинг гўзал намуналари намойиш этилмоқда.

IMG_7025

Туркия ва Ислом санъати музейи энг йирик ислом ва турк санъати асарларини жамлаган музей ҳисобланиб, унда музейнинг ифтихори бўлмиш Қуръони Каримнинг дурдона қўлёзмалари ҳамда ҳаттотлик ва миниатюраларнинг ноёб нодир намуналари сақланади.

IMG_7303IMG_7021

Кўргазмада Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари, “Зафарнома”, “Темурнома”, Саъдий Шерозий достонлари ва бошқа нодир қўлёзмаларга ишланган миниатюралар, шамс, зарварақ, унвон ва жилдларнинг гўзал намуналари намойиш этилаяпти.

Кўргазма шу йилнинг 20 ноябрига қадар давом этади.