Yangiliklar

Музей Самарқандда кўчма кўргазма ва маҳорат дарси ташкил қилди

Шу кунларда мамлакатимизда илк бор “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилмоқда. Китобхонлар байрамида Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳам фаол иштирок этаяпти.

5 апрель куни музей томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги 781-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида А.С.Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона марказида “Санъат оламига сайёҳат” номли миниатюра санъати асарларидан иборат кўчма кўргазма ҳамда маҳорат дарслари ташкил қилинди.

“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорликда ўтказилаётган ушбу тадбирнинг очилиш маросимида давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи-шоирлар, адабиётшунослар, рассомлар, ёш ижодкорлар, вилоятдаги таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари, ахборот-кутубхона марказлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, сенатор Ф.Тошев очиб берди. Шундан сўнг сўзга чиққан Самарканд вилояти ҳокимининг ўринбосари Д.Маматқулов, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ Миниатюра санъати директори ўринбосари Ф.Назиров  китобхонлар байрами аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳаза билдиришди.

— “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ташкил этилган “Санъат оламига саёҳат” номли кўргазмани ўтказишдан кўзланган мақсад – аҳоли ва ёшларда санъатга қизиқишни ошириш, нафосат орқали уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини бойитиш ҳамда буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ижоди билан таништиришдан иборат. Зеро, бобокалонимиз Камолиддин Беҳзод нафақат Шарқ халқлари, балки жаҳон маданияти тарихида ўчмас из қолдирган, дунё тамаддуни хазинасини ўзининг ажойиб қимматбаҳо дурдоналари билан бойитган буюк мусаввир саналади.  Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи халқимизнинг асрлар давомида шаклланган нозик миниатюра санъатини асраб-авайлаш, ривожлантириш, келгуси авлодга етказиш ва миниатюра санъати асарларидан иборат кўчма кўргазмалар ташкил қилиш орқали халқимизни ушбу нафис санъатнинг ўтмиши ва бугуни билан яқиндан таништириш борасида хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Юртимизнинг кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида ташкил қилинаётган бугунги кўчма кўргазма ва маҳорат дарслари ҳам сўзимизни тасдиқлайди, — деди Ф.Назиров.

Очилиш маросимидан сўнг тадбир иштирокчиларига кўргазма ва маҳорат дарслари тақдим этилди. Кўргазмада миниатюрачи рассомлар, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари  Камол Мирзаев ҳамда Саида Жалилованинг  30 дан ортиқ нафис ва нозик дид билан ишланган ишлари намойиш этилиши баробарида  тадбир иштирокчиларига маҳорат дарслари ҳам ўтиб берилди. Унда иштирок этган нафис санъат ихлосмандлари ижод ҳисси ва завқини туйдилар.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, сенатор Ф.Тошев, Самарканд вилояти ҳокимининг ўринбосари Д.Маматқулов,  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Самарқанд вилоят бўлими маъсул котиби Т.Тугалов ва вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Ш.Ахмедовалар Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейига миннатдорлик билдиришар экан, шу каби кўргазмалар келгусида ҳам ҳамкорликда ташкил этилишини маълум қилишди.