Yangiliklar

“Тасаввуф ва тасвир” ижодий кўргазмаси

Ватанимизда тарихан шаклланган тасаввуф тариқатининг асосий эзгу ҳақиқатлари энг аввало? бадиий ижодда ўз аксини топган. Аждодларимизнинг руҳий, аҳлоқий ва жисмоний комиллик, халқпарварлик, биродарлик каби эзгу ғоялари тасаввуф таълимотининг негизини ташкил қилади. Руҳиятни поклашга ишора қилинувчи мазкур таълимотнинг рамзий тасвирлари рассомлар ижодида ҳам ўз ифодасини топган.

Ҳирот, Самарқанд ва Бухоро миниатюраларида сўфийлар, шайхлар, авлиёлар, пиру-муршидлар, дарвешлар, қаландарлар, зоҳидлар, мусофирлар образлари кўп ишланган. Бир қатор миниатюраларда сўфий шайхи жигарранг, тўқ яшил, кўк ёки мовий рангли олди очиқ, кенг, оддий чакмонда тасвирланган. Аммо турли миниатюра мактабларида ишланган сўфийлик мавзусига ҳар хил ёндошилган. Бу уларнинг тасвир услублари, қўлланилган ранглари ва бадиий ечимларида ҳам яққол кўзга ташланади. Бугунги кунда замонавий рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва миниатюра санъатида мавзуга турли нуқтаи-назардан ёндошаётган ижодкорлар талайгина.

Шуларни эътиборга олиб, 15 май куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликда “Тасаввуф ва тасвир” мавзусида ижодий кўргазма ташкил этилди.

Тасаввуфда муқаддас ҳисобланган еттилик ва у билан боғлиқ қарашлар (етти пир, етти қадам, етти сайёра, еттинчи осмон, етти ранг, етти кун) турли бадиий образлар воситасида кўргазмадан ўрин олган асарларда ўз ифодасини топган.

Мазкур кўргазмада юртимизнинг кўзга кўринган, етук ижодкорлари — Акмал Нур, Файзулла Ахмадалиев, Хуршид Зияхонов, шунингдек, Беҳзод Хожиметов, Азат Юсупов, Дилшод Азизов, Ўктам Саидов, Ботир Хакимов, Нозима Қаюмий, Чарос Пайзиева, Феруза Эркабаева, Сардор Маҳкамов, Шерзод Солиевларнинг тасаввуф ғояси акс этган ижод намуналари ўрин олган.

2 июнга қадар давом этадиган кўргазмада  50 дан ортиқ ишлар намойиш этилмоқда.