Ko‘rgazmalar

2022 йил 22 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, хаттот Турсуналиев Низомжон ва унинг шогирдлари иштирокидаги “Файз- ул хаттот” номли хаттотлик асарларидан иборат кўргазма ташкил этилди.

Хаттотлик – қадим Шарқ саньатининг беҳад камол топган турларидан бири ҳисобланган бўлиб фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъатдир. Хаттотлик санъати жозибадор қадриятларимиздан бири. Бу санъат Шарқда ҳуснихат, хаттотлик, Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган. Ушбу санъат усталари – хаттотлар ўз даврларида катта обрў-эътиборга эга бўлиб, илм-фан аҳли қаторидан жой олганлар. Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш билан хаттотлар шуғулланишган. Ана шундай хаттот усталаридан саналган, ушбу санъатни юқори даражага кўтарилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган,Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ёшларга сабоқ бераётган хаттотлардан бири Турсуналиев Низомжондир.

Турсуналиев Низомжон 1979 йилда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топган. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, 2000 йил Тошкент давлат педагогика университетининг “Чизмачилик, тасвирий ва амалий санъат” йўналиши бакалавр босқичини, 2002 йил “Амалий санъат” мутахассислиги магистратурасини тамомлаган. Салимжон Бадалбоев (хаттот), п.ф.д., профессор Саидахбор Булатов, Неъмат Иноғомов (наққош), Баҳром Ниғмонов (наққош) сингари устозлардан хаттотлик ҳамда наққошлик сир асрорларини ўрганган. Н.Турсуналиев ўзининг иш фаолияти давомида икки саньат: наққошлик ва хаттотлик йўналишларида ижод қилиб бир қанча кўрик танловларда фаол қатнашиб келган. Жумладан: “Тасвирий ва амалий санъат” фестивали, Музейлар ҳафталиги доирасида ўтказилган “Анъаналар этади давом”, Ўзбекистон Республикасидаги Миср Араб Республикаси элчихонасида “Салимжон хаттот ва унинг шогирдлари“ номли кўрик танлови  ва  “Ҳикматлар олами” 1-Республика хаттотлик фестивали, “Замонавий миниатюра ва хаттотлик асарларининг халқаро кўргазмаси”да ўз асарлари билан қатнашиб, сертификат ҳамда  дипломлар билан тақдирланган.

Кўргазмадан ёш хаттотлар – Дедашев Бахтиёр ва Камилжонова Камиланинг ҳам бир нечта асарлари ҳам ўрин олган бўлиб, улар ўз устозлари раҳбарлигида доимо янгиликка интилиб, ўз маҳоратларини ривожлантирмоқдалар ва шу билан бирга, янги шаклларга эга бўлган анъаналарни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқдалар.

Кўргазма  намойишга қўйилган асарлар орасида ҳикматли сўзлардан иборат эътиборга молик ижодий намуналар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.  Шунингдек, кўргазмада 50 дан ортиқ асарлар ўрин олган.