Ko‘rgazmalar

Буюк мутафаккирга бағишланди

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Тарих қаъридаги нур” номли кўргазма очилди.

Ўзбек халқининг маданияти ва адабиёти жаҳон маърифатпарварлари тасаввурида энг аввало, Алишер Навоий сингари улуғ сиймолар тимсолида гавдаланади. Аждодларимизнинг ўлмас мероси асрлар давомида нафақат миллионлаб китобхонлар, балки санъатнинг барча жанрларида ижод қилиб келувчи санъаткорлар қалбини ҳам забт этиб келган. Алишер Навоий мероси энг бебаҳо дурдоналардан бири сифатида эътироф этилади.

Алишер Навоий яшаб, ижод қилган даврда китобат санъатининг ноёб намуналари яратилган. Китобат санъати усталари ҳукмдорлар ва бошқа амалдорнинг буюртмаси асосида, айни асарлар ғоят нафис безаклар, миниатюралар билан зийнатлашган. Ўрта Шарқ ва Мовароуннаҳрда узоқ ривожланиш йўлини босиб ўтган китобат санъатининг такомиллашиши бевосита адабиёт билан боғлиқ бўлиб, нафақат бадиий-ғоявий жиҳатдан, балки ифода хусусиятлари жиҳатидан ҳам ўзаро уйғунлашиб кетган.

Бадиий безакли қўлёзмалар яратиш учун энг баркамол бадиий ва тарихий асарлар танлаб олинган. Алишер Навоий асарлари ҳам ўз замонаси ва ундан кейинги даврларда китобат санъати учун асосий манба бўлиб, нодир безакли қўлёзмалари яратилган. Мазкур қўлёзмалар дунё маданий меросининг хазинасидан жой олган.

Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб миниатюра ва хаттотлик асарларидан ташкил топган “Тарих қаъридаги нур” номли кўргазмада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари – Баҳодир Хаджиметов, Камол Мирзаев, Камол Абдуллаев, Хайриддин Мухиддинов, Кошип Аманов, Зокир Хакимов, Мирҳамид Мирсагатов, Комил Oмонов, Саида Жалилова, Сардор Махкамов, Улуғбек Орифжонов, Бахтиёр Дедашев, Бехзод Журабоев каби ижодкорларнинг асарлари ўрин олди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси, рассом-аниматор Нигора Ҳайдарова томонидан тақдим этилган анимацион ижод намунаси  намойиш этилди. Шунингдек, адабиётшунос олимлар иштирокида “Назм ва наво” кечаси ўтказилди.

Ҳазрат Aлишер Навоийнинг шахси ва унинг ижодига бағишланган шоирнинг тасаввуф, инсонпарварлик ва комиллик ғоялари акс этган 60 дан ортиқ асарлар ўрин олган кўргазма очилиш маросимида фаол рассомлардан бир гуруҳи диплом билан тақдирланди. Томошабин тафаккурини юксалтириш учун хизмат қиладиган ушбу кўргазма 19 февралга қадар давом этади.