Miniatyura san’ati

Шарқ миниатюра санъати дунё эътиборида

Маданият вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, “Миниатюра санъати” номли кўпмиллатли (Озарбайжон, Эрон, Туркия ва Ўзбекистон) номзоднома ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.
“Миниатюра санъати” номли минтақавий номзоднома ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси томонидан Озарбайжон, Эрон, Туркия миллий комиссиялари ва Ўзбекистондаги мутасадди ташкилотлар мутахассислари билан ҳамкорликда тайёрланган ва 2019 йилда ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига тақдим этилган.

Мазкур номзоднома шу кунларда ўтаётган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитасининг 15-сессиясида бир овоздан ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.
Бугунги кунга қадар ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига қуйидаги етти элемент киритилган: “Шашмақом” (2008), “Бойсун туманининг маданий макони ” (2008), “Катта ашула” (2009), “Аския” (2014), ” Палов маданияти ва анъаналари” (2016), “Наврўз” (2016) ва Хоразм “Лазги” рақси (2019) ва Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази –Адрас ва атлас тўқиш санъати Илғор тажрибалар рўйхатига 2017 йилда киритилган.
Шу билан бирга 2020 йил март ойида Миллий комиссия томонидан мутахассислар билан ҳамкорликда “Бахши санъати” номзодномаси тайёрланиб, ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига Миллий номзоднома сифатида тақдим этилган. Ушбу “Бахши санъати” номзодномаси Номоддий маданий мерос қўмитасининг навбатдаги 2021 йил декабрда ўтказиладиган йиғилишида кўриб чиқилади.
Миниатюра санъати жаҳон нафис санъатида ноёб ҳодиса бўлиб, бетакрор ва ўзига хос қарашлар унда мужассам. Санъатнинг бу тури Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги халқлар маданияти тараққиёт босқичларида асрлар оша сайқалланган.
Бу хушхабар маданий-маърифий жараёндаги қувончли янгилик. Зеро, санъатнинг ушбу нафис тури бетакрорлиги, беназирлиги билан қадрли. Албатта, миниатюра мактаби ҳар бир Шарқ мамлакатида ўзига хос услуб, мактаб, анъаналарга эга.
Азалдан миниатюра санъати диёримизда ривожланган. Юртимизда тасвирий ва амалий санъатга бўлган эътибор маданий ҳаётда муҳим ўрин эгаллайди.Бугун ҳам бу йўналишдаги мактабларнинг анъаналарини моҳир мусаввирлар, ҳунармандлар, салоҳиятли қўли гул ёшлар давом эттирмоқда.
Пойтахтимизда бу санъатнинг даҳоси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъат музейи фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда санъатнинг ушбу турига оид картиналар, нодир китоблар, тарихий ҳужжатлар, мўъжаз қутича, лавҳ ва бошқа намуналар жамланган. Темурийлар тарихи давлат музейида ҳам миллий миниатюра санъатининг мафтункор намуна ва тўпламлари билан танишиш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори миллий тасвирий ва амалий санъатимиз истиқболида янги уфқларни белгилади.
Унга кўра, юртимизда тасвирий санъатга ихлосманд ёшлар учун Камолиддин Беҳзод номидаги стипендия таъсис этилди. Бадиий академия томонидан Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига бағишланган халқаро симпозиум, конференциялар, кўргазмаларни ўзида мужассам этган маърифий ҳафталик юксак савияда ўтказилди. Гарчи мураккаб пандемия вазияти юзага келган бўлса-да, унинг доирасидаги халқаро кўргазмага дунёнинг кўплаб мамлакатлари рассомларининг энг яхши ишлари саралаб олинди.
Мамлакатимизда ўтказилаётган турли ижодий лойиҳалар, Тасвирий ва амалий санъат ҳафталиклари, кўргазмалар, халқаро биенналелар, кўрик-танловлар, ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор Шарқ миниатюра санъати равнақида муҳим ўрин тутади. Шу кунларда юртимизда баланд савияда бўлиб ўтаётган Маданий мерос ҳафталиги бу борадаги ишларнинг яна бир амалий кўринишидир.
Шарқ миниатюрасининг ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилгани мазкур санъатга дунёдаги эътибор ва қизиқишнинг яна бир исботидир.
Н.Усмонова, ЎзА