Miniatyura san’ati

Буюк мерос

Бугун, 4 декабрь куни пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг катта мажлислар залида буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги  муносабати  билан “Шарқнинг буюк мусаввири” номли илмий тадбир бўлиб ўтди.

Академик рассомлар, ёш мусаввир ва мусаввира, талабалар иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар Шарқнинг буюк мусаввири Камолиддин Беҳзоднинг миниатюра санъатига қўшган улкан ҳиссаси ва буюк мероси ҳақида сўз юритдилар.

Тадбирда шунингдек, Бадиий академия тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг рангтасвир ўқитувчиси О.Умрзоқов,  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг тасвирий санъат тарихи ва назарияси кафедраси профессори Р. Фатхуллаев, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейининг миниатюра бўлими бошлиғи  С.Жалилова, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, миниатюрчаи рассомлар Т.Болтабоев, К. Мирзаев иштирок этишди.

Таъкидланганидек, улуғ бобокалонимизнинг ижоди бугунги кунда  Шарқу Ғарбда катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. «Шарқ Рафаэли», деб аталувчи Камолиддин Беҳзод ижодини ҳам бадиий асар сифатида, ҳам илмий жиҳатдан тадқиқ этиш борасидаги кўплаб тадқиқотлар бунинг ёрқин ифодасидир.

Тадбирда шунингдек, Беҳзод портрет жанрининг бошловчиси ва моҳир устаси экани, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Абдуллоҳ Ҳотифий, Султон Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон каби тарихий шахсларнинг портретлари Беҳзод мўйқалами туфайлигина бизгача етиб келганлиги эътироф этилди.

Тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи томонидан буюк мусаввирнинг издошлари асарлари, хаттотлик санъати намуналари, замонавий миниатюра асарларидан иборат халқаро кўрзгазмалар ҳам ташкил этилди. Шу билан бирга, Шарқ миниатюра санъати устаси Шомаҳмуд Муҳаммаджонов ижодига оид шахсий кўргазма ҳам бўлиб ўтди.