Yangiliklar

Дурдона асарлар намойиши

8 ноябрь куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида III халқаро амалий санъат биенналеси доирасида “Хаттотлик, наққошлик, миниатюра: мерос ва замонавийлик” мавзусида замонавий миниатюрачи рассомлар ва хаттотлар томонидан яратилган дурдона асарлар намойиш этилди.

Шарқ миниатюраси дунёси – ҳаёт, хаёлот ва рамзлар уйғунлигидаги ҳайратлар оламидир. Жаҳон маданиятидан муносиб ўрин эгаллаган, Шарқ халқларининг муштарак бадиий мероси ҳисобланган миниатюралар қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш баробарида, мазкур асарлардаги илғор инсонпарварлик ғояларини, эзгу интилиш ҳиссини, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалашга ҳам хизмат қилади.

Кўргазмада Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Ўзбекистон Ҳунарманд уюшмаси аъзолари – Шоаҳмедов Шорасул, Тошев Даврон, Исоқжонов Ҳасан, Абдуллаев Камолиддин, Муҳитдинов Ҳайриддин, Каримов Абдухаким, Акбаров Асқарали, Мелибоев Равшан, Аҳмадназаров Шуҳрат, Хайтметов Дилшод, Жумаев Жасур, Қодирова Нозима, Саъдуллаева Нилуфар, Жалилова Саида, Лиситская Светлана, Юсупов Зафар, Мадмуродов Қуранбой, Собитова Мадинабону, Дедашев Бахтиёр, Арифбоев Шерзод, каби замонавий миниатюрачиларнинг ишлари ўрин олди.

Кўргазма очилиши маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нур, III халқаро амалий санъат биенналесининг куратори Равшан Фатхуллаев ва Озарбайжон Республикаси Миллий Фанлар Академияси мухбир аъзоси, санъатшунослик фанлари доктори, профессор, Эртегин Саломзода сўзга чиқдилар.

Кўргазма давомида музей ходимаси Саида Жалилова томонидан қадимий ҳунармандлик йўналишларидан бири – қоғоз ишлаб чиқариш бўйича маҳорат дарслари ўтилди.

Мазкур кўргазмада замонавий миниатюра намуналаридан иборат 70 дан ортиқ асарлар намойишга қўйилган.